2030 йилгача илм-фанни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Президентнинг тегишли фармони эълон қилинди.
Norma’нинг ёзишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилади:
а) илмий ташкилотлар раҳбарларини Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими;
б) ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш мақсадида «Академик ҳаракатчанлик» дастури;
в) илмий даражали кадрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими, унда қуйидагилар назарда тутилади:
стажёр-тадқиқотчи, изланувчи, илмий раҳбар ва консультантларга доир маълумотлар банкини шакллантириш, стажёр-тадқиқотчи ва изланувчиларнинг якка тартибдаги режасидаги ишлар бажарилишини қайд этиш;
илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларининг самарадорлиги мониторингини олиб бориш, тегишли ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш;
стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантурада ўқиш учун қабул квоталари бўйича буюртманома шакллантириш;
илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларида ўқиш учун талабгорларни рўйхатга олиш.
Ҳар бир илмий ташкилотда илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади, бу лавозимга таниқли илм-фан намояндалари ва нуфузли олимлардан бири тайинланади. Шунингдек маслаҳатчи ташкилотнинг Илмий кенгашини бошқаради.
Тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига тегишли ҳудудда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар сони, 1 млн аҳоли сонига тўғри келадиган илмий тадқиқотчилар ва олимлар сони, тижоратлаштирилган илмий ишланмалар сони ва ҳажми индикаторлари киритилади.
Илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланади. Барча давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг республика даражасидаги раҳбарлари (биринчи ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга масъул ҳисобланади ҳамда бу борада тизимдаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Ҳар бир фан йўналишлари бўйича фан жамиятлари ташкил қилинади.

















