Россиянинг Иркутск вилоятида Иркутск ўлатга қарши кураш институти ходими Даря Шипилованинг вафоти муносабати билан «профилактик чора-тадбирлар мажмуаси» якунланди, деб хабар берди губернатор Игорь Кобзев. Унинг сўзларига кўра, марҳумда «шифохонадан ташқари пневмония» бўлган.

Мулозимнинг айтишича, Шипилова эмланган бўлиб, «ўзи ишлаган хавфли инфекцияларга нисбатан иммунитетга эга бўлган». Кобзевнинг таъкидлашича, расмийлар институтда «патоген микроорганизмлар билан ишлашда авария ҳолати» юз берганини аниқламаган. Бундан ташқари, мутахассислар Шипилова билан мулоқотда бўлган барча шахслар устидан олиб борилган тиббий кузатувни якунлаган ва уларнинг саломатлигида ҳеч қандай ўзгариш қайд этилмаган.

«Иркутск ва Шелехов шаҳарларида санитария-эпидемиологик вазият барқарор. <…> Ахборот босими шароитида мутахассислар вазиятни синчиклаб ўрганиб чиқди. Бу синов эди, бироқ биз ундан ёруғ юз билан ўтдик», деди Кобзев.

«Роспотребнадзор» ҳам Иркутск вилоятида аҳоли саломатлиги учун ҳеч қандай хавф йўқлигини, минтақадаги санитария-эпидемиологик ҳолат «барқарор» эканини қўшимча қилди.

2 октябрга ўтар кечаси Иркутскнинг йўлдош шаҳри Шелеховда ўлатга қарши илмий-тадқиқот институтининг 28 ёшли ходими Даря Шипилова вафот этди. Шундан сўнг расмийлар у билан мулоқотда бўлган 200 га яқин кишини карантинга олди. «Люди Байкала» нашрининг хабар беришича, Иркутскдаги бир нечта шифохона карантинга ёпилган. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда марҳум ўзи ишлаган лабораторияда ўпка ўлатини юқтириб олиб, вафот этгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. «Роспотребнадзор» эса аёлнинг ўлимига «этиологияси номаълум пневмония» сабаб бўлганини расман маълум қилди.