Агар Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташиш давом этса, АҚШ ноябр ойидаги оралиқ сайловга қадар Эронга зарба бермайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Америка етакчисининг сўзларига кўра, Вашингтон Теҳрон билан «самарали мулоқот» олиб бормоқда.

«Биз Қўшма Штатларда 3 ноябр куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловга қадар исталган вақтда Эронга ҳужум қилишдан тийилиб турамиз», — деб ёзди у.

Трампнинг ойдинлик киритишича, Эрон иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан «жуда ночор аҳволда» экан ҳамда «рекорд миқдордаги нефт барреллари» қабул қилинаётган бир пайтда Ҳўрмуз бўғози блокадаси сақланиб турар экан, ҳужумлар амалга оширилмайди. АҚШ президентининг айтишича, ўтган тунда бўғоз орқали 22 миллион баррел нефт олиб ўтилган бўлиб, унинг бирор баррели ҳам Эронга кирмаган ёки Эрондан чиқмаган.

Axios нашрининг хабар беришича, бир неча кун олдин Пентагон Америка ҳарбийларига Эронда ҳарбий амалиётларни қайта бошлашга тайёргарликни якунлаш тўғрисида кўрсатма берган. Нашрнинг АҚШ ва Исроилдаги манбалари ҳужумлар 3 ноябрдаги АҚШ оралиқ сайловига ёки ҳатто 27 октябрдаги Исроил сайловига қадар қайта бошланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шунингдек, улар Трамп ҳали якуний қарор қабул қилмаганини қайд этишган.