Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги: «Чарм тўп-2020» кўчма кубок Андижонга йўл олади
Сир эмаски, бугун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшлар орасида жисмоний маданиятни юксалтириш, шу орқали юртдошларимизнинг саломатлик даражасини оширишга жиддий эътибор берилмоқда.
Бу жараёнда маҳалла ёшлари ўртасида ташкил этилаётган турли тадбирлар, жумладан «Чарм тўп» футбол мусобақаси муҳим ўрин тутади. Мазкур мусобақа аввало ёш авлод қалбида миллионлар ўйини футболга меҳр уйғотишга, шу билан бирга ушбу спорт турини эртамиз эгалари орасида янада оммалаштириш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.
Кекса авлод вакиллари ўтган асрнинг 70-80 йилларида «Чарм тўп» футбол мусобақаси Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Олим Аширов, Шуҳрат Эшбўтаев, Сирожиддин Бозоров, Фурқат Эсонбоев, XII ёзги Осиё ўйинлари ғолиби Улуғбек Рўзимов сингари жуда кўплаб моҳир футболчиларни кашф этиб берганлигини яхши билишади. Собиқ Иттифоқ миқёсида эса «Чарм тўп» (Кожаный мяч) мусобақасидан Фёдор Черенков, Олег Блохин, Хорен Оганесян, Игор Колыванов, Сергей Родионов, Олег Романсев, Андрей Шевченко, Валерий Карпин сингари машҳур футбол юлдузлари етишиб чиққан. Қисқаси, «Чарм тўп»ни бемалол футбол юлдузлари кашф қилинувчи фабрикага қиёслаш мумкин.
Бу йил маҳалла ёшлари ўртасидаги «Чарм тўп-2020» мусобақаси тўрт босқичда, яъни маҳалла – туман (шаҳар) – ҳудуд – Республика кесимида ташкил этилиб, унда 15-16 ёшли ўсмирлар иштирок этди. Мусобақага юртимиздаги 5416та маҳалладан 158322 нафар ёшлар жалб этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ғолибликни қўлга киритган 14та жамоа аъзолари 6-9 ноябрь кунлари муҳташам «Бунёдкор» стадионига қарашли майдонларда жавлон уришди. Улардан энг кучлилари эса ҳар бир футболчи тўп тепишни орзу қиладиган «Миллий» стадионда бош совринни қўлга киритиш учун саф тортди.
8 ноябрь куни «Чарм тўп-2020» футбол мусобақасида 3-ўрин учун ўйин ўтказилди. Унда ярим финал омадсизлари – Қашқадарё вилоятининг «Афғонбоғ» ҳамда Фарғона вилоятининг «Ёзёвон» жамоалари ўзаро куч синашди. Ўйиннинг асосий вақтида кучлар тенг келди – 1:1. Пенальтилар сериясида эса 5:4 ҳисобида Фарғона вилояти ёшлари ғолиб чиқишди.







9 ноябрь куни «Миллий» стадионда жорий йилги мусобақанинг финал учрашуви ўтказилди. Унда Андижон вилоятининг «Ҳамзаобод» ҳамда Жиззах вилоятининг «Олимлар» маҳалласи ёшлари тўқнаш келишди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Танаффусдан кейин андижонлик ёшлар ҳужумкорликни оширишди ва якунда 2:0 ҳисобида ғалабага эришди ва бош соврин, кўчма кубокни қўлга киритишди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиблар ҳамда барча иштирокчилар ташкилотчилар томонидан мукофотланди. Тақдирлаш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати
Мавзуга оид
20:18 / 14.01.2023
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
02:32 / 12.02.2021
Ўзбекистондаги спорт иншоотларининг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 млн кишини ташкил этади — Адлия вазирлиги
00:18 / 12.02.2021
Ўзбекистондаги мактабларнинг 22,5 фоизида спорт заллари йўқлиги маълум қилинди
19:17 / 22.12.2020