Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зоир Мирзаев: “Қашқадарёнинг 86 фоизга яқин ерлари сув омборлари ва насослар орқали суғорилади”
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги — “Қашқадарё вилояти: долзарб муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзуидаги сессиясида Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевга савол билан мурожаат қилди.
“Қашқадарё вилоятида 1 триллион сўм сарфлаб, далаларга сув берилган. Бир йилда ишлатилган 5 млрд куб метр сув эвазига 91 миллион АҚШ долларлик экспорт амалга оширилган. Таққослаш учун: Фарғона вилоятида 2 млрд куб метр сув сарфланган ҳолда 500 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинган. 1 триллион сўм пул сарфлаб, 90 миллион сўмлик маҳсулот экспорт қилиш ўтмиш бўлиб қоладими? Қандай технологияларни жорий этиш орқали вилоят даромадини оширмоқчисиз?” – дея сўради Шерзод Қудратхўжаев.
“Жуда оғриқли масаламиз шу. Сабаби – Қашқадарёнинг 86 фоизга яқин ерлари сув омборлари, насослар орқали суғорилади. Бизда 56 минг гектар томорқа бор. Томорқанинг ўзи бир вилоятнинг пахта экадиган майдонига тенг.
Иккинчи масала борки, 150 минг гектар атрофида ғалла, шунча миқдорда пахта. Ҳаммасини ҳисобласак, бизда сувли ерларимиз, суғориладиган ерлар тахминан 400 минг гектар атрофида. Лалми ерлар тўғрисида қисқача айтиб бердим.
Ёндашув қанақа? Ҳақиқатан ҳам Қашқадарёда ерларни ўзлаштиришнинг энг юқори нуқтаси 70-йилларда бўлган. Ўша пайтларда лоток, ирригация, мелиорация тизимлари, ерости дренажлари қурилиб, ўзлаштирилган. Вақт ўтиши билан секин-секин тизим ишдан чиққан. Ҳаммаси жисмоний эскиргани учун ишдан чиқдими ёки бошқа сабаб ҳам бормиди, деган саволга иккинчи сабаб ҳам бор.
Жисмоний ишдан чиққан қисми ҳам бор. Иккинчи тарафи – нотўғри эксплуатация натижасида издан чиқиб кетган: мутахассис йўқ, мутахассис тайёрлайдиган тармоқ йўқ. Ёндашув – ким хоҳласа сувни очади, ёпади. Натижада ерларнинг шўрланиш даражаси кўтарилиб боряпти. Агар Қорақалпоғистонга ўхшаб шўрни ювадиган бўлсак, бизники 5 триллион бўлмайди, 6-7 триллион бўлиб кетади. Бундан Худо ўзи асрасин.
Ҳозирги ҳолатда эрозияни тўхтатишимиз керак, тизимларни замонавийсига ўтказишимиз керак. Иккинчи масала – томчилатиб суғориш технологиялари. Кейинги йилда 27 минг гектар пахта майдонини томчилатиб суғориш технологиясига ўтказишни режа қилдик. Бундан ташқари, ғалла майдонларида 30 минг гектарни ёмғирлатиб суғориш технологиясига ўтказиш. Бунинг учун қанча субсидия, қанча кредит оламиз, нечта фермер қилади, бу бўйича режамиз ҳам бор.
Иккинчи тарафи ҳам борки, бугун бизнинг мақсадимиз – етиштирилаётган маҳсулот салмоғини кўпайтириш. Яъни шундай маҳсулот етиштиришимиз керакки, ундан деҳқонга фойда бўлсин, етиштирадиган одам манфаатдор бўлсин. Пахтадан манфаатдор бўлмаган жойларга пахта экиб келганимиз ҳам рост, лекин шуни сабзавот йўналишига ўтказишимиз учун малака, тажриба керак.
Ҳали сўзингиз орасида картошка ҳақида гапирдингиз. Биз картошка экспортидан йироқмиз. Бизнинг мақсадимиз – аввало ўзимизни картошка билан қоплаб олайлик. Қашқадарёга бир йилда 176 минг тонна картошка керак. Шундан 79-80 минг картошка етиштиряпмиз.
Нима учун экспорт бўлмаган? Экспортнинг иккита шарти бор: биринчи шарти – маҳсулотнинг сифати, иккинчи шарти – сотиб оладиган одамнинг буюртмасига асосан маҳсулот тайёрлашимиз керак. Энг асосий масала – маҳсулотнинг сифатини сақлаб туриш учун логистика керак.
Кеча бир йилда минг гектар иссиқхона қилиш бўйича топшириқ олдик. Сўнгги 1,5 йилда қилинган иссиқхона бир минг бир юз гектарни ташкил қилади. Лекин унинг ҳаммаси ҳам замонавий эмас. Қашқадарё шароитида ҳамма нарса гидропоникада суғориладиган, 1 гектари 400-450 минг доллар турадиган иссиқхона қилиш деган мақсад йўқ бу ерда. Иқлимдан келиб чиқиб, оддийгина қилиб устини ёпиб, ичига экиш керак. Мана шуни одамларга ўргатишимиз керак.
Ундан кейинги масала – қайта ишлаш масаласи. Қашқадарёда бу йил биринчи марта 31 минг гектарга мош экдик. Бу энг камида 46-47 минг тонна ҳосил дегани. Йиллар давомида ёпиқ бўлган Ҳиндистон билан Хитой бозори мош учун Ўзбекистонга биринчи марта очилди. Бунинг қадрига етишимиз керак”, - деди Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев.
Мавзуга оид
22:01 / 13.06.2026
Қашқадарёда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари фош этилди
15:20 / 13.06.2026
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026