Мавзу ҳақида юқори доираларда ҳам гапирилди. Жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ялпи мажлис вақтида ижтимоий тармоқда газ ва электр энергияси муаммосига эътибор қаратишни сўраб ёзилган изоҳларга тўхталди:

«Мана ҳозир онлайн берилаётгани учун минглаб фойдаланувчилар газ ва электр энергияси муаммосини қачон ҳал қиласизлар, деган саволлар билан бизга мурожаат қилишяпти.

«Электр йўқ, газ йўқ», ёзилаётган қанча савол бўлса шуларнинг ҳаммаси бир хил мазмунда. «Сизлар блогерлар ва халқнинг танқидларига ҳам эътибор берасизларми, халқни эшитасизларми?», дея савол беришяпти.

Албатта кузатамиз. Шу ерда ўтириб ҳам юзлаб, минглаб изоҳларни ўқиб ўтирибмиз.

Мен сизларга ваъда бераман, бизнинг тегишли қўмитамиз – Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мана шу масалани махсус ўрганиб чиқади», деди Танзила Норбоева.

Ижтимоий тармоқлар ҳар доимгидек ҳушёр: саҳифалар заҳарханда постларга, ҳақли талабларга, жойлардан хабарлар ва қизиқарли изоҳларга тўлиб-тошди. Қуйида уларнинг айримлари ҳавола қилинади.

«Мендирман Ўша»Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқмаса ҳам майли, ўша футболчиларга кетган пулни ҳам сизлар олинглар, лекин газ ва электр беринглар!

* * *

Акмал Қурбонов: Яхши ҳам газ ва свет халқимизга текинга берилмайди, бўлмаса халқ бу иккита ташкилот мутасаддилари олдида умуман иложсиз қоларди.

* * *

Вой аламжон

(Mуғанний шеърига пародия)

Ёт юртда газ лов-лов бўлди,
Вой аламжон, жон алам.
Газ кимга сийлов бўлди,
Вой аламжон, жон алам.

Шунча соққа етмасму,
Тиқилтириб кетмасму?
Нафс дегани ёв бўлди.
Вой аламжон, жон алам.