– «Ўзбеккино» биноси яқинда таъмирдан чиқарилди. Бизда бинолар ўзгармоқда, ичкаридаги ҳолат-чи, ўзгаряптими?

– Умумий олганда, ичкаридаги муҳит ҳозирги бўлаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас. Афсуски, охирги йилларда кино соҳамиз орқага кетиб қолди. Бунинг ўзига яраша объектив, субъектив сабаблари бор.

Мисол учун, кўп ижодкорлар давлатдан чиқиб кетишди, хорижга кетишди. Бу – табиий жараён. Биз бозор иқтисодиётига ўтдикми, ҳар битта жабҳада бозор иқтисодиёти бўлиши керак, айниқса, кинода. Бутун дунёни кузатадиган бўлсак, манаман деган зўр киноларни хусусий секторлар олади. Бизда тескариси. Бизда кино, санъат соҳаси 80 фоиз бюджетдан молиялаштирилади. 10–20 фоиз хусусий сектор улушига тўғри келади.

– Бу фикрга мен ҳам қўшиламан: киностудиялар хусусий бўлиши керак. Унинг сифати – иккинчи масала, томошабин ўзи саралаб олади... Лекин бошқа томондан, сифатсизлик, жарликнинг охири кўриниб қолди, менимча.

– Кино, биринчи навбатда, тарбиявий жиҳати одамларга тез таъсир қиладиган соҳа ҳисобланади. Мисол учун, биз битта хонада ўтириб, кўп муаммоларни муҳокама қилишимиз мумкин. Лекин кино орқали миллион-миллион одамнинг фикрини ўзгартиришимиз мумкин. Жуда катта таъсир воситаси, аслида.

Оддийгина бир мисол келтираман. «Ўқимаганлар ўйнамасин, дипломи борлар ўйнасин», деган масала ҳам кўтарилди. Ҳаррисон Форд деган актёр бор, оддийгина дурадгор...

Актёрлар – майли. Бизда бундан бошқа муҳимроқ иккита муаммо бор. Биринчиси – режиссура. Иккинчи муаммо – кино билан телевидение ўртасидаги филтр. Бизда мана шу филтр яхши ишламайди.

– Филтр қанақа бўлади?

– Бизда мана «худсовет» (бадиий кенгаш – Б.А.) дейди. Маданият соҳасида ҳам, кинода ҳам бор: аввалига сценарийси топширилади, у қилинади, бу қилинади... Ҳозирги кунда ҳам эскилик пайтидан қолиб кетган «худсовет»лар ишлаяпти. Буни қайтадан такомиллаштириш керак.

Режиссёрларни яхши тарбияласак, драматургларни яхши тарбияласак... Актёрлик кейинги масала.

Санъат ва маданият институтида режиссёр Станиславскийнинг мактаби асосида дарс берилади, мен ўзим ҳам ўша ерда ўқиганман. Станиславский айтадики, режиссёр актёрни пластилинга ўхшатиши керак: яъни ўзи хоҳлаётган нарсасини, фикрини актёрга сингдира олиши керак. Шундан кейин ундан яхши актёр чиқади, деган бир таълимотни илгари сурган.