
2018 йилнинг 29 июнида Урганч шаҳар ҳокимлиги 1653қ-сонли қарори билан якка тартибдаги тадбиркор Раҳимова Роҳатжон Олимовнага савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш учун 200 кв.м ер ажратади. Ҳужжатни собиқ ҳоким Одилбек Сапаев имзолаган.
Бироқ, мана 2 йилдирки, Тинчлик кўчаси 2А, 2Б, 2В, 2Г, 2Д ва 33-уйда яшовчи аҳоли ҳокимликдан бу қарор бекор қилинишини талаб этмоқда. Қурилишни бошлашга уринаётган тадбиркор эса одамларнинг фаол қаршилигига учраяпти.

Гап шундаки, ҳокимлик томонидан ажратилган ер кўп қаватли уйларнинг асосий кириш-чиқиш жойига тўғри келяпти. Агар савдо шохобчаси бу жойда қуриладиган бўлса, аҳолининг, коммунал хизмат идораларининг, тез тиббий ёрдам ва бошқа ташкилотларнинг транспорти кириб-чиқадиган асосий йўл ёпилиши, бу катта ноқулайлик туғдириши, нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, бу жойдан кўп қаватли уйларнинг коммуникация тизимлари, яъни, совуқ сув, оқова сув ва иссиқлик энергияси қувурлари, шунингдек, электр энергия таъминоти симлари ҳам ўтган. Қурилиш ишлари натижасида уларга зарар етказилиши ҳам мумкин.
Шу сабаблар аҳолини президент порталига, турли идора ва ташкилотларга норозилик хатлари жўнатишга мажбурлаган. Ҳатто одамлар тўпланиб, Урганч шаҳар ҳокимлигига ҳам боришган. Маҳалланинг 2018 йил 29 ноябрдаги ўтказилган йиғилишида аҳоли вакиллари қурилиш бошланишига қарши экани ҳақида овоз бериб, баённома имзолашган.

Натижада, 2019 йил 4 март куни Урганч шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга ер ажратиш ҳақидаги 1653к-сонли қарорини «аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани» сабаби билан бекор қилиб, ерни давлат ихтиёрига қайтарган. Бу ҳақда янги 389қ-сонли қарор ҳам чиққан.
Аммо тадбиркор Роҳатжон Раҳимова бу қарордан норози бўлиб, судга шикоят аризасини берган. 2020 йил 24 сентябр куни Урганч шаҳар маъмурий суди бу аризани қаноатлантириб, Урганч шаҳар ҳокимининг 389қ-қарорини бекор қилиб, тадбиркор фойдасига янги қарор чиқарган. Суд тафсилотлари бизга маълум эмас.
Шундан сўнг тадбиркор бир неча марта бу жойда қурилишни бошлашга уриниб кўрган. Аммо яна аҳолининг кескин норозилиги ва фаол қаршилигига учраган. Ҳатто бир вазиятда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аралашуви билан зиддият чегарадан чиқиб кетишининг олди олинган.

















