Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департамент Юридик таъминлаш бошқармаси бош юрисконсультанти, майор Сарвар Мамадалиевнинг маълум қилишича, йилдан йилга жамоат жойларида ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар кўпаймоқда.

“Мисол учун, 2017 йилда жами 1 391та ўткир тиғли, кесувчан ёки зарб берувчи (чиллаклар) предметлар аниқланган бўлса, 2018 йилда 4 223та, 2019 йилда 4 451та, 2020 йилнинг 10 ойида эса бу кўрсаткич 36 537тага етган.
Шунингдек, 2020 йил 9 ойида Жиноят кодексининг 104-моддасида назарда тутилган 791та жиноятдан 302таси совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланиб содир қилинган”, – дейди ИИВ вакили.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, 2020 йил 5 ноябр куни президент томонидан имзоланган қонунга кўра, Жиноят кодексининг 104- ва 105-моддаларида инсон ўлимига олиб келиши мумкин бўлган предметлардан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун ҳамда қўл ва оёқ ёрдамида тан жароҳатини етказганлик учун бир хил жазо тури белгиланган. Эндиликда қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этганлик учун ушбу моддаларнинг иккинчи қисми билан малакаланиши ва оғирроқ жазо тури тайинланиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганлик учун жавобгарлик назарда тутувчи 185-2-моддаси билан тўлдирилган, унга кўра, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, агарда совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш, худди шунингдек, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юрганлик учун эса ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган.
























