“Осмондаги болалар” лойиҳасининг илк меҳмони Абдусаттор Абдураҳимов IT-тадбиркорлик ортидан Ўзбекистонда туриб долларда ойлик олмоқда.

Абдусаттор Абдураҳимов 1994 йил 5 октябр куни Тошкент вилоятида туғилган. 2009 йил Бўстонлиқ туманидаги 12-мактабни тамомлаган. 2012 йил Чирчиқ шаҳар Тиббиёт коллежини тамомлаган. 

Ҳозирда жаҳон миқёсида 3D моделинг бўйича фрилансер ва IT тадбиркор. Faktorial IT МЧЖ раҳбари.

Хўш, унинг муваффақият сирлари нимада? Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш имконияти борми?

- Абдусаттор Абдураҳимов ўзи ким?

- 26 ёшман. Маълумотим ўрта: тиббиёт коллежини тамомлаганман. У ерни тугатгач, 1 йил давомида иш тополмай юрганман. Сўнг “Maксам-Чирчиқ” заводига маркетинг бўйича ишга кирганман. 1 йилдан кейин менга Маъсум Муродов томонидан 3D Max (уч ўлчамли моделлаш: анимация ва компьютер ўйинларини яратиш таҳр.) ўрганиш таклифи тушган. Ўша куни ишдан бўшаш учун ариза ёзганман. Сўнг дадамга ишдан бўшаганимни айтмасдан янги соҳани ўрганмоқчи эканлигимни айтганман. Дадам рози бўлган.

Бу қарорни бирдан қабул қилишимга 3D Max’га нисбатан кучли меҳрим сабаб бўлган. Кимдир менга бу соҳани ўрганишимга ёрдам бериши жуда катта нарса эди. Ўрганиш жараёнида жуда қийналганман, лекин ҳозир меҳнатларим ўз натижасини берган. 3D Max дастурлашни бир йил давомида ўрганганман.

Ўзингиз ясаган 3D моделларни махсус сайтлар орқали сотиш мумкинлигини билганман. Битта модел сизга йиллар давомида даромад олиб келиши мумкин. Шундан кейин соҳанинг моделлаш йўналишини танлаганман ва ҳозиргача ишлаб келяпман.

- Моделлаштириш нима?

- Моделлаштиришнинг 2 хили бор. Биринчиси ишлаб чиқарувчилар учун   ижод қилган ҳолда моделлаштириш. Улар сизнинг моделингизга қараб ишлаб чиқаради. Ёки тайёр бўлган маҳсулот моделини ясаб, уни интеръер дизайнерларга сотасиз. Масалан, интеръер дизайнерига уй, офис учун жиҳозлар керак. Биз унга шу жиҳозларни ясаб, интернет платформага жойлаймиз. Улар биздан буни 3-4 долларга сотиб олишади.

 Интерьер дизайнерлик билан моделлаштиришнинг фарқи шундаки, улар биздан тайёр моделларни сотиб олишади ва уй, офисга ўзига хос дизайн тайёрлаб беради.