Ўзбекистон | 16:00 / 02.12.2020
19182
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда 168 ўринли мактаб қурилиши учун тендерсиз шартнома тузилди. Лойиҳага 65 миллиард сўм ажратилган

Жиззах вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати «Инжиниринг компанияси» Жиззах шаҳрида президент мактаби қурилиши учун «Diamond» кўп тармоқли хусусий фирмаси билан тендерсиз шартнома имзолаган. Қурилиш лойиҳасининг якуний қиймати 65 миллиард 580 миллион сўмни ташкил этди.

Иллюстратив фото /KUN.UZ

Давлат харидлари порталига жойлаштирилган келишув битимига кўра, буюртмачи ва пудратчи компания ўртасида шу йилнинг 24 март куни тузилган 56 миллиард сўмлик шартномага Жиззах вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши билан қўшимча ва ўзгартишлар киритилган.

«Мазкур объект бўйича Ўзбекистон бош вазирининг 2020 йил 10 февралдаги 4-сонли йиғилиш баёнига асосан «Diamond» кўп тармоқли хусусий фирмаси бош пудратчи этиб белгиланган», — дея маълумот берилган 25 ноябрь куни тасдиқланган келишув битимида.

Таъкидланишича, 168 ўринли мактаб қурилиши учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 20 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 17 миллиард 940 миллион сўм, қолган пуллар эса давлат бюджетидан қопланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, «Diamond» Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта зали, ошхона ва меҳмонхона мажмуасини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш билан шуғулланади. Вилоят ҳокимининг 25 ноябрдаги 30-сонли қарори билан тасдиқланган тендер комиссияси қарори билан қарийб 31 миллиард сўмлик иш «Diamond» кўп тармоқли хусусий фирмасига насиб этган.

Компания ушбу объектни 2020 йилнинг 25 декабригача топшириши шарт. Таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг графигига мувофиқ, «Diamond» 7,2 миллиард сўмлик мебель ва жиҳозлар, бундан ташқари 7,3 миллиард сўмлик иситиш ва вентиляция тизимини етказиб беради.

Очиқ маълумотлар базасига кўра, «Diamond» кўп тармоқли хусусий фирмасининг устав капиталидаги барча улуш Одилжон Қодировга тегишли. Компания раҳбари эса Олимжон Қодиров ҳисобланади.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси йирик қурилишлар учун пудратчилар билан тендерларсиз шартномалар тузгани ҳақида хабар берилганди. 

Маълумот учун, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 59-моддасига кўра, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг йигирма беш минг баравари – 5 млрд 575 млн сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Мавзуга оид