Биз кундалик ҳаётда эшитадиган товушлар шу қадар кўпки, кўпинча уларнинг ҳаммасини эшитаверишдан чарчаймиз.

Лекин атрофимизда шундай одамлар борки, улар эшитишмайди, биз ҳам уларни эшитмаймиз, яъни уларнинг кўпчилиги гапиролмайди ҳам. Лекин уларнинг ҳам ўз тили бор, улар шу тилда гаплашишади, муҳокамалар қилишади, фикрини ифода этади.

Шунингдек, улар бизни тушунишади, улар бизга яқин, улар биз билан битта шаҳарда, битта маҳаллада, битта кўчада, эҳтимол, битта шифт остида яшайди.

Биз уларни шунчаки кар-соқовлар деб биламиз. Аслида, улар биз билан бир хил. Улар бошқалар каби ўқиши, ишлаши мумкин, лекин уларга биздай бўлишга, бир хил ишлашга, бир хил шароитда яшашга айнан биз – соғломлар имкон бермаяпмиз.

«Уларнинг қўл-оёғи бутун, тиланчиликдан кўра ишлашни хоҳлашади»

Шу сабабли бугун Ўзбекистонда 35 минг нафар кар-соқовларнинг атиги 1 фоизи иш билан таъминланган, холос.

«Кар-соқовларни иш билан таъминлаш эса жуда оғир масала. Сабаби уларнинг тилини тушунадиганлар жуда кам.

Уларнинг қўл-оёғи бутун, улар тиланчилик қилишдан кўра ишлашни хоҳлашади», – дейди Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов.

Ойбек Исоқов

Яқинда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди (қонун 2021 йил 16 январдан кучга киради). Унда 20 кишидан кўп одам ишловчи ташкилотда ногиронлар учун 3 фоизлик алоҳида квота ажратилиши назарда тутилган.

Ойбек Исоқовнинг сўзларига кўра, бунга оид норма азалдан бўлган, аммо амалда деярли ишламаган.

«Меҳнат биржасига борилса, уларга ҳам умумий вакансия кўрсатилади, лекин умумий вакансия орқали ишга боришса, ногиронлигини кўриб, биз бу ўринга одам олиб қўйдик, дейишади», – дейди Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси.