Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 493-сон қарори билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Ҳужжат 18 сентябрда расмий эълон қилинган.

Қарорга мувофиқ, муассасалар пулли хизматлар кўрсатиши, маҳсулот ишлаб чиқариши ва сотиши, мол-мулкини ижарага бериши мумкин. Ушбу фаолиятдан тушадиган маблағлар муассасаларни ривожлантириш жамғармаларига йўналтирилади.

Пулли хизматлар реабилитация, тиббий диагностика, даволаш, қараб туриш, дефектолог ва психолог хизматлари каби йўналишларни қамраб олиши мумкин. Бунда давлат томонидан кафолатланган хизматлар пулли хизматлар қаторига киритилмайди. Муассаса ходимларини мажбурий тарзда пулли хизмат кўрсатишга жалб қилиш тақиқланади.

Пулли хизматлар рўйхати ва нархлари тегишли ҳудудий бошқарма билан келишилган ҳолда муассаса раҳбари томонидан тасдиқланади. Нархлар бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгиланади, аммо хизмат таннархидан кам бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, муассасаларда тарбияланувчилар, ўқувчилар ва доимий яшовчи шахслар ҳунармандчилик, бадиий-амалий санъат, гул ва кўчатлар, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаши, компютер хизматлари кўрсатиши мумкин. «Ғамхўрлик» марказларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-меҳнат реабилитациясини амалга ошириш учун махсус тайёрланган жойлар ташкил этилиши мумкин.

Хизмат олувчилар ўз хомашёсидан тайёрлаган маҳсулотни сотишдан тушган маблағнинг воситачилик ҳақидан ташқари қисми уларнинг банк ҳисобварағига ўтказилади. Воситачилик ҳақи маҳсулот нархининг тўртдан бир қисмидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Яна бир муҳим ўзгаришга кўра, муассасаларнинг бўш турган бино ва иншоотлари ҳамда бошқа давлат мулки объектлари ижтимоий-меҳнат реабилитацияси, касбга ўргатиш ва мижозларга пулли хизматлар кўрсатиш мақсадида ижарага берилиши мумкин. Айрим давлат кўчмас мулк объектларини тадбиркорларга ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 коэффициент қўлланган ҳолда тўғридан-тўғри ижарага беришга рухсат этилади.

Пулли хизматлар ва маҳсулотлар сотувидан тушган маблағлар ҳисобидан муассаса ходимларини моддий рағбатлантириш ҳам мумкин. Жумладан, айрим ходимларга лавозим маошининг 300 фоизигача устама, юқори натижа кўрсатган ходимларга эса ҳар чоракда лавозим маошининг 5 бараваригача мукофот тўлаш назарда тутилган.

Бундан ташқари, давлат буюртмачилари муассасаларда тарбияланувчилар, ўқувчилар ва яшовчилар тайёрлаган маҳсулотларни бир молия йилида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 бараваригача тўғридан тўғри шартнома асосида харид қилиши мумкин.