Нормал ҳолатда бирор вакцина яратиш учун кўп йиллар керак бўлади. Лекин коронавирус юқиш эҳтимоли юқорилиги ва фавқулодда тез тарқалгани учун унга қарши вакцина одатдагидан тезроқ яратилиши мумкин.

Ҳозирда олимлар 57 вакцинани одамларда синаб кўришяпти, яна 87 лойиҳа ҳайвонларда синаладиган босқичда.

Бу борада ишлар январ ойида бошланган бўлиб, вакцина мартда илк бор одамларда синаб кўрилди. Ҳозирда 13 лойиҳа сўнгги синовлар босқичида турибди. Уларнинг айримларигина муваффақиятли якун топиб, инсон иммун тизимида вирусга қарши антитаначалар ҳосил қилиши мумкин.

Вакцина яратиш қуйидаги босқичлардан ўтади:

Клиниколди синовлар (preclinical testing). Мутахассислар янги вакцинани ҳужайраларда синаб кўрадилар ва уни сичқон ё маймунларга бериб, уларнинг иммун тизимига таъсирини ўрганишади. Ҳозирда 87та лойиҳа клиниколди синовларда экани маълум.

1-фаза. Эҳтиёт синовлари (safety trials). Олимлар вакцинани одамларнинг кичик гуруҳларига бериб кўрадилар. Бу билан вакцинанинг хавфсизлиги ва дозасини, шунингдек, иммун тизимининг унга реакциясини синаб кўрадилар.

2-фаза. Кенгайтирилган синовлар (expanded trials). Олимлар вакцинани болалар, қариялардан иборат турли гуруҳлардаги юзлаб одамларда синаб кўрадилар. Бу босқичда вакцинанинг хавфсизлиги ва инсон иммун тизимини қай даражада кучайтира олишини кузатадилар.

3-фаза. Самарадорлик синовлари (efficacy trials). Мутахассислар вакцинани минглаб одамларда синаб кўрадилар. Ушбу босқичда препаратнинг коронавирусга қарши тура олиш-олмаслиги аниқланади. Америка озиқ-овқат ва дори-дармонни назорат қўмитаси (FDA) камида 50 фоиз натижа бўлишини тавсия қилди. Бу босқичда, шунингдек, аввалги босқичларда кузатилмаган ножўя таъсирларни аниқлаш имкони бўлади.

Эрта ёки чекланган тасдиқ (early or limited approval). Хитой (Ad5-nCoV) ва Россия («Спутник V») ўзлари ишлаб чиқаётган вакциналарнинг 3-босқич натижаларини кутмасдан истеъмолга яроқли деб тасдиқлади. Экспертларнинг фикрича, шошилинч хулосалар жиддий оқибатларга олиб келади.

Тасдиқ (approval). Ҳар бир давлатдаги назорат қилувчи орган ёки ташкилот синовлар натижаларини кўриб чиқиб, вакцинани тасдиқлаш ё тасдиқламаслик ҳақида қарор қабул қилишади. Пандемия даврида вакцина расман тасдиқдан ўтгунига қадар фавқулодда фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Вакцинага лицензия берилганидан кейин ҳам, тадқиқотчилар эмланганларни кузатишда давом этиб, препарат хавфсиз ва самарали эканига ишонч ҳосил қилишлари лозим.