Ушбу тадбир дастлаб «Наврўз» байрамига бағишлаб 22 март куни ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб шу йилнинг декабр ойига кўчирилди.
Бу сафарги мусобақада иштирокчилар таклиф этилган учта масофадан бирини танлашлари мумкин: 42 195 метр (тўлиқ марафон) ва 21 097,5 метр (ярим марафон) – офлайн режимда, 3 000 метр – онлайн режимда бўлиб ўтади.
Марафон ва яриммарафон трассаси AIMS Халқаро марафон ва югуриш ассоциацияси томонидан сертификатланган. AIMS – World Athletics Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади.
II Тошкент халқаро марафонининг лицензияланган трассаси енгил атлетика спортчиларига 2021 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензия олиш ёки қимматли рейтинг очколарини қўлга киритиш имконини беради.
II Тошкент халқаро марафонининг умумий мукофот жамғармаси офлайн режимда 180 миллион сўмни ташкил қилади. Ғолиблар медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Тўлиқ рўйхатдан ўтганлар электрон чип ўрнатилган индивидуал номерли «иштирокчи пакети»га эга бўлади, бу масофани босиб ўтиш вақтини онлайн режимда қайд этиш ва ҳар бир иштирокчига ўз натижасини кузатиб бориш имконини беради.
Марафон доирасида тўлиқ масофани босиб ўтиш учун – 3 соат ва 15 дақиқа, ярим масофани босиб ўтиш учун эса 1 соат 30 дақиқа чеклов ўрнатилган.
21 километр масофани белгиланган вақт ичида босиб ўта олмайдиган марафон иштирокчилари яриммарафон финишига йўлланади. Бу иштирокчиларнинг натижалари яриммарафоннинг якуний баённомасига киритилади.
Марафон ва яриммарафонда 18 ёш ва ундан катталар қатнашиши мумкин. «Иштирокчи пакети»ни олишда узоқ масофаларга югуришга тўсқинлик қиладиган касалликлар йўқлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши шарт.
Югуришнинг бошланиш нуқтаси – Афросиёб кўчасида, “Humo Arena” муз саройи ёнида. Иштирокчилар соат 10:00 га таклиф қилинади, марафонга эса соат 11:00 да старт берилади.
Маълумот учун: иштирокчилар томонидан 22 март санасига олинган слотлар 2020 йилнинг 6 декабридаги марафонда ҳақиқий ҳисобланади. Рўйхатдан ўтган шахс декабрдаги марафонда иштирок эта олмаган тақдирда, унинг регистрацияси 2021 йилнинг март ойига – III Тошкент Халқаро марафонига кўчирилади.
Қисқа масофалар ҳақида маълумот:
- Бундан аввал 1,5 км ва 3 км масофа учун (офлайн режимда) қўлга киритилган слотлар 2021 йил март ойида ўтказиладиган III Тошкент Халқаро марафони учун ҳақиқий ҳисобланади.















