Тошкент шаҳар Миробод туманида фаолият юритувчи «Ulfat» хусусий корхонаси директори Шоҳиста Маҳмудова суд қароридан сўнг мулки шошилинч равишда бузилгани, ваҳоланки курашни Олий судда давом эттирмоқчи эканини айтиб, Kun.uz'га мурожаат қилди.

Шоҳиста Маҳмудованинг сўзларига кўра, у раҳбарлик қилаётган корхонага 1995 йили марҳум турмуш ўртоғи асос солган. Бироқ эътиборсизлик туфайли корхона тасарруфидаги бино-иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари вақтида тўлиқ қилинмаган. Умр йўлдошининг вафотидан сўнг турли архивлардан айрим ҳужжатларини тиклашга муваффақ бўлган.

«Ҳокимлик юристидан ёрдам сўраганим – катта хатом бўлган экан»

У Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарорига мувофиқ корхонасига тегишли объектларни ялпи хатловдан ўтказишда ҳокимлик ҳуқуқшуноси Нодир Мирзақуловдан ёрдам сўрагани катта хатоси бўлганини таъкидлайди.

«Ҳокимият юристи тадбиркорларга ёрдам беради, деб ишониб боргандим. Унинг олдига борганимда муаммоларимни, корхонам тасарруфидаги биноларнинг қандай ҳужжатлари бор, қайсилари йўқлигини очиқ айтдим. Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарори бўйича мулкларга эгалик ҳуқуқини олиш учун ҳужжатларни комиссияга киритишга ёрдам сўраганман.

Ундан ёрдам сўраганим катта хатом бўлган экан. У менинг барча нозик жойларимни билиб олиб, ёрдам бериш ўрнига мени судга берворди.

Биринчи судга мен чақирилмаганман; тарафлардан бири бўлишимга қарамай, суд менинг иштирокимсиз ҳокимликнинг даъвосини қаноатлантириб, бино-иншоотимни бузиш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан кейин югур-югурларимиз бошланди. 2017 йилдан бери судма-суд юрибман. Иқтисодий судда жуда кўп жанжаллар бўлди, кўплаб тадбиркорлар ҳокимлик юристидан ниҳоятда норози эканликларини кўрдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай юристни ишдан олиб ташлашди.

У кетгач, қулоғимиз тинчиб, буз-буз масаласи кун тартибидан олинди. Бироқ карантин даврида у яна ишига тиклангач, яна бизни эслаб қолди. Шундан бери тинчимиз йўқ», – дейди Шоҳиста Маҳмудова.