Генетик кодларнинг ўзгартирилишидан тортиб, миллионлаб одамларнинг танасига микрочиплар ўрнатилиши билан боғлиқ гап-сўзлар тобора «урчиб» бормоқда.

BBC Reality Check гуруҳи баъзи ёлғон даъволарни таҳлил қилди.

ДНКнинг бузилиши билан боғлиқ даъво

«Коронавирус вакцинаси ДНКмизни ўзгартиради» деган даъво ижтимоий тармоқларда энг кўп тарқалган даъволардан биридир.

BBC уч мустақил олимдан ушбу даъво тўғрисидаги фикрларини сўради ва «коронавирусга қарши эмлаш инсон ДНКсини ўзгартирмайди» деган жавоб олди.

Баъзи янги ишлаб чиқилган вакциналарда вируснинг генетик материалидан, яъни генетик кўрсатмаларни «ташувчи» мРНКдан фойдаланилади. Буюк Британияда тасдиқланган Pfizer/BioNTech вакцинаси ҳам шулардан биридир.

«Одам танасига мРНКни юбориш инсон ҳужайрасидаги ДНКга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», дейди Оксфорд университети мутахассиси Жеффри Алмонд.

мРНК тананинг ўзига хос молекуляр механизмларидан фойдаланган ҳолда, ҳужайраларга вирус таркибидаги оқсилга ўхшаш бир моддани ишлаб чиқаришни ўргатади. Бу эса иммунитет тизимининг реакциясини келтириб чиқаради.

Аслида, коронавирус вакцинаси ДНКни ўзгартиради, деган даъвога илк марта дуч келинаётгани йўқ. Май ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда мРНК технологияси «ҳали синовдан ўтказилмагани ва тасдиқланмагани» айтилган ва унинг генетик кодларга таъсир қилиши ҳақидаги иддао илгари сурилганди.

Тўғри, авваллари ҳеч бир мРНК вакцинаси тасдиқдан ўтмаган, аммо сўнгги йилларда мРНК вакциналарини одамларда қўллаш бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Бундан ташқари, вакцина эпидемия бошланганидан бери дунё бўйлаб ўн минглаб одамларда синаб кўрилди ва қатъий тасдиқлаш жараёнларидан ўтди.

Бошқа барча вакциналар сингари мРНК вакциналари ҳам хавфсизлик бўйича қатъий синовлардан ўтмасдан туриб, кенг қўлланиш рухсатига эга бўлмайди.

Вакциналар синовининг 1- ва 2-босқичларида хавфсизликни текшириш ва тегишли дозани аниқлаш учун улар кам миқдордаги одамларга берилади.

Учинчи босқич синовларида эса вакцинанинг самарадорлигини аниқлаш учун минглаб одамлар эмланади. Вакцинанинг ҳақиқий дозаси берилган гуруҳ ва плацебо (дори сифатида ишлатилиши ёки дори-дармонларни ниқоблаш учун ишлатилиши мумкин бўлган ва аниқ доривор хусусиятга эга бўлмаган модда – таҳр.) дозасини олган назорат гуруҳи турли хил қўшимча таъсирлар ва ҳимоя воситаларини аниқлаш мақсадида диққат билан кузатилади.