ЎзФА Математика институти директори, сенатор Шавкат Аюповнинг фикрича, пруфридинг хизматига кўп пул сарфлаш ноўрин. У бундай сервисни илмий соҳадаги натижаларни «сунъий оширишга уриниш» деб ҳисобламоқда.
Ўз навбатида, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу хизматдан дунё миқёсида фойдаланилиши, шу йўл билан ўзбек олимлари эришган натижаларни халқаро миқёсга олиб чиқиш мумкинлигини таъкидлади.
Сенатор Шавкат Аюпов Сенат қўмитасининг ноябр ойидаги йиғилишида ушбу мавзуга тўхталган эди.

«Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан маҳаллий олимларнинг хорижий илмий нашрлардаги мақолалари сонини кескин оширишга қаратилган пруфридинг-сервис хизматини ривожлантириш деб ёзилган банди бор. Вазирлик Буюк Британиянинг «Springer Nature» нашриёти билан 100 минг долларлик шартнома имзолаган. Унга кўра, нашриёт ўзбекистонлик олимларнинг илмий мақолаларини халқаро индексланган, нуфузли илмий журналларда чоп этиш бўйича ушбу хизматни амалга оширади.
Бу нима дегани? Пруфридинг-сервис тайёр мақолани таҳрир қилиб беради фақат. Мазмуни ва илмий савиясини кўтариб бера олмайди. Масалан, шу йилнинг ўзида 310 та мақола ўрганиб чиқилган. Ундан 27 тасигина саралаб олиниб, нашриётга юбориш лозим топилган. Ундан бор-йўғи 16 таси нашр қилинган.
Сабаби, пруфридинг – бу корректурани ўқиш деган нарса холос. Шунинг учун мен ўйлайманки, ундан кўра кўпроқ илмий томонига эътибор берилиши керак. Шунча маблағ кетказиб, чет элда чиқаришни сунъий кўтариш керак эмас», – деди Шавкат Аюпов Сенат қўмитасининг ноябр ойидаги йиғилишида.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Шавкат Аюповнинг юқоридаги фикрларига қўшилмаслигини билдирди.

Вазирнинг айтишича, мақола ёзган олимнинг илми ва мақоласининг мазмуни салмоқли бўлса-да, инглиз тили қоидаларига тўла жавоб бермаса, у чоп этилмайди.





