Қайд этилишича, бугун мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 10 фоизни ташкил этади, қолган 90 фоизи анъанавий манбалардан ишлаб чиқарилмоқда.

“Республикада электр энергияси ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини жорий қилиш мақсадига эришиш учун қайта тикланадиган манбаларнинг шамол ва қуёш энергияси каби устувор турларидан фойдаланиш имкониятини берадиган технологияларни ўзлаштириш, уларни амалиётда қўллаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шамол энергетикаси бўйича етакчи мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон географик жойлашуви ва иқлим шароити боис ушбу йўналишда улкан салоҳиятга эга.

Ўзбекистон ҚТЭ йўналишини изчил ривожлантириш мақсадида шамол генераторларини бунёд этиш, улардан фойдаланиш бўйича рақобатбардош шартларни таклиф қилаётган йирик компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда”, - дейилади маълумотда.

2020 йил 8 июн куни Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)нинг «Masdar» компанияси ўртасида инвестициявий шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжатга кўра, БАА компанияси Навоий вилоятида шамол электр станциясини (ШЭС) лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва ундан фойдаланишни таъминлайди.

Бу «Masdar» томонидан республикада амалга оширилаётган иккинчи йирик лойиҳа. Ўтган йил октябр ойида компания давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққан.  Лойиҳа бўйича тегишли келишувлар 2020 йил январ ойида имзоланган.

“Энергетика вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда шамол электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш 600 миллион доллардан ортиқ миқдордаги тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда 1 минг 300та янги иш ўрни яратиш имкониятини беришини таъкидламоқда.

Электр станциянинг фойдаланишга топширилиши йилига 1,8 гВт/соат миқдорида арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига республиканинг энергетика балансини диверсификация қилиш ва мустаҳкамлашга имкон беради. Бу 500 мингдан зиёд уй хўжалигининг эҳтиёжини қоплайди, деганидир.

Замонавий ҚТЭ технологияларини жорий этиш электр энергиясини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган табиий газ ҳажмини йилига 175 миллион куб метргача камайтириш имкониятини тақдим этади. Бу, шунингдек, тежаб қолинган энергия ресурслари бошқа эҳтиёжларга йўналтирилади, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид сезиларли даражада (йилига 1,1 миллион тонна) камайтирилади, дегани”, — дейилади вазирлик маълумотида.