Ўзбекистон | 14:31 / 14.12.2020
10911
2 дақиқада ўқилади

Фарғона водийсидан Хоразмга авиарейс йўлга қўйилади

Фарғона водийсидан Хоразмга авиа ва темир йўл қатнови ташкил этилиб, дастлабки даврда ички туризмни ривожлантириш мақсадида чипта нархларига 30 фоиз чегирма қўлланади.

Фото: KUN.UZ

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи якунида Урганчда ўтган фаоллар йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Фарғона водийсидан Хоразмга авиарейс ташкил қилинади. Керак бўлса, чипталар нархига 30 фоизлик чегирма берилади. Водий Хоразмни билмайди, Хоразм водийни билмайди. Четдан келмаса, ўзимизда бор-ку.

Зиёрат туризмини бекорга гапирмадим. Ҳаммада ички талаб пайдо бўлди. Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, Бухорий, Мотурудийлар қаерда бор? Термизийларни нега зиёрат қилмаймиз?

Зиёратни кўпайтириб, маънавий озуқа олишимиз керак. 70 фоиз халқимиз Хивани кўрмаган.

Хиванинг ҳар бир хонадонига энг арзон меҳмонхоналар, хостеллар қилиб берамиз. Хивадаги ҳар бир хонадон меҳмон кутишга тайёр бўлиш керак. Ўтираверсак, ҳеч ким бизга қилиб бермайди», – таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш зарурлигини қайд этди. Водий вилоятларидан Хоразмга авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйиб, дастлабки даврда чипта нархларига чегирма бериш тажрибаси кейинчалик Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўлланилади.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон бўйича шахматни ривожлантириш, Хоразмда йирик санъат саройи қуриш зарурлигини ҳам айтиб ўтди.

«Шахмат бўйича катта қарор қабул қиламиз. Ўзбекистон дунё рейтингида 30-ўринда. Яна кўтариш керак. Хивада 2021 йилда йирик тадбир доирасида шахмат турнири ҳам ўтказилади.

Хоразмда йирик санъат саройи йўқ. Санъатга чанқоқ халқ, санъаткориям Тошкентга бориб концерт беради, мухлислари ҳам бориб келади. 3та лойиҳа беринглар. 2021 йилда ё Урганч, ё Хивада режа қиламиз, 2022 йил қурилишни бошлаймиз», – деди у.

Президент Хоразмда нефрология маркази очиш ва кардиология марказини кенгайтириш бўйича ҳам кўрсатма берди. Бунинг учун зарур 3 млн доллар маблағ бир ой ичида ажратилишига кўрсатма қилинди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид