09:11 / 14.12.2020
8268

Тошкентда тезюрар автобусларнинг дастлабки йўналишлари маълум бўлди

Ҳозирги кунда хорижий консультантлар томонидан 3та йўналишда тезюрар автобус хизматини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, “Чилонзор буюм бозори”, “Чорсу” савдо маркази, “ТТЗ” йўналишларида BRT (Bus Rapid Transit) тезюрар автобус хизмати йўлга қўйилиши кутиляпти.

Бунда, “Чилонзор буюм бозори” – “Чорсу” савдо маркази йўналишининг ўртача масофаси 20,6 км.ни, ўртача қатнов вақти 50 дақиқани, оралиқ интервал 4 дақиқани ва ташилиши кутилаётган йўловчиларнинг ўртача оқими 42 минг нафарни ташкил этади.
 
Йўналиш ҳаракатланадиган кўчалар: Навоий кўчаси - 6,2 км, Шаҳрисабз кўчаси - 3,2 км, Ш.Руставели кўчаси - 6,2 км, Гавҳар кўчаси - 2,4 км, Бунёдкор кўчаси - 2,6 км.

“Чорсу” савдо маркази – “ТТЗ” йўналиши ўртача масофаси 20 км.ни ташкил этиб, ўртача қатнов вақти 48 дақиқага, оралиқ интервал 3 дақиқага, кунлик ташилиши кутилаётган йўловчиларнинг ўртача оқими 27 минг нафарга тенг бўлади.

Йўналиш ҳаракатланадиган кўчалар: Юзрабод кўчаси - 2,18 км, Феруза кўчаси - 1,72 км, М.Улуғбек кўчаси - 7 км, Махтумқули кўчаси - 1,8 км; Шаҳрисабз кўчаси - 1,1 км, Навоий кўчаси - 6,2 км.

Ушбу алоҳида йўлакларда ҳаракатланувчи автобус йўналишларини ташкил этиш орқали 122 мингдан зиёд йўловчиларга транспорт хизматларини кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Йўналишларда жойлашган 36та чорраҳани қайта лойиҳалаш ишлари кўзда тутилган бўлиб, алоҳида йўлакларда ҳаракатланувчи автобус йўналишларини такрорловчи 50та  автобус ва 8та йўналишли такси ҳаракатига ўзгартириш киритилади.

Top