Президент Андижонда 206 та янги инвестиция лойиҳасини ишга туширди

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида 23 сентябр куни янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишини бошлаш маросимида иштирок этди.

Тадбирда умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинди. Шундан 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилди, 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларга тааллуқли. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.

Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларус, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Навоийда болаларни мунтазам калтаклаган хусусий боғча тарбиячиси қамалди

Навоийда болаларни калтаклаб келган хусусий боғча тарбиячиси жиноий жазога тортилди. Суд ҳукмида айтилишича, 23 ёшли Н.Э. 2025 йил декабридан 2026 йил апрелигача қадар Навоий шаҳридаги Amin kids хусусий боғчасида 1-3 ёшли болалар гуруҳида тарбиячи бўлиб ишлаган ва 5 нафар вояга етмаган болани калтаклаб, зўрлик ишлатган ҳолда қийнаган. Оқибатда болалар енгил тан жароҳати олган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода у болаларга бақиргани, силтаб тортиб, ургани ва тепганини кўриш мумкин. Ўрганишлар давомида у болаларни мунтазам равишда дўппослаб келгани маълум бўлган.

Н.Э. турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилик бўлгани сабабли доим асабий ҳолатда юрганини, оилавий низолар кайфиятига таъсир кўрсатганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Суд ҳукми билан Н.Э. 2 йил боғчаларда тарбиячи вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Айрим мактабларда теннис секцияси ташкил этилади

Президент теннисни оммалаштириш ва ривожлантиришга оид қарорни имзолади. Унга кўра, ўқувчиларнинг қизиқиши ҳамда мавжуд спорт инфратузилмасидан келиб чиқиб, теннис ривожлантириладиган мактаблар танлаб олинади.

Ушбу мактабларда теннис бўйича спорт секциялари ташкил этилади. Уларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, Ўзбекистон теннис федерацияси маблағлари ҳисобидан спорт инвентарлари, жумладан, tennis wall — теннис машғулотлари учун девор мосламалари билан жиҳозланади.

Машғулотларни мактаб жойлашган ҳудуддаги спорт мактабидан жалб этилган мураббийлар олиб боради.

Самарқанд ММТБ суюқ совунни қиммат нархда харид қилгани аниқланди

Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул шахслари 90 863 дона суюқ совунни қиммат нархларда харид қилиб, 1,1 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабарига кўра, ҳолат Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Электромобиллар сони бир йилда 67 фоизга ошди

2026 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 122,7 мингта электромобил рўйхатга олинган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг 1 июл ҳолатига мамлакатда 73,6 минг электромобил рўйхатдан ўтганди. Бир йил ичида ўсиш 49,1 мингтани ёки 66,7 фоизни ташкил этган.

Рўйхатга олинган электромобилларнинг 72 фоиздан кўпроқ қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, электромобилларнинг одамларга тегишли транспорт воситаларидаги улуши камлигича қолмоқда.

2026 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистонда қарийб 5 миллион транспорт воситаси рўйхатдан ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Электромобилларнинг ундаги улуши атиги 2,5 фоизни ташкил қилади.