18 декабр куни Ўзбекистон раислигида онлайн-мулоқот шаклида ўтказилган МДҲ давлат раҳбарларининг учрашуви бугун халқаро эксперт доираларида юқори баҳоланмоқда. Чет эл давлатлари сиёсий доира вакилларининг бундай катта қизиқишини қуйидаги учта омил билан изоҳласа бўлади.
Биринчидан, бу 2020 йилнинг бошидан бутун дунёни қамраб олган эпидемиологик оғир вазият шароитига қарамай давлат раҳбарлари мулоқотининг ташкил этилганлиги; иккинчидан, МДҲ давлатлари ҳудудидаги, хусусан Беларус ва Қирғизистондаги сиёсий вазият, Жанубий Кавказдаги ҳарбий ҳолат; учинчидан, ва энг асосийси Ўзбекистоннинг ўз тарихида илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилиши.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, юқоридаги омилларга қарамай Ўзбекистон ўзига юклатилган вазифаларни юқори даражада ва муваффақиятли бажарди. Буни биз нималарда кўришимиз мумкин?
Энг аввало, юқорида айтиб ўтилган кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар ишини мураккаблаштирган оғир эпидемиологик вазиятга қарамай Ўзбекистон МДҲга раислик концепцияси асосида ҳамдўстликнинг ҳукумат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Иқтисодий кенгашнинг тегишли йиғилишлари, қолаверса, МДҲ давлат раҳбарлари учрашувини ўтказишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, тармоқлараро ҳамкорлик органларининг 60га яқин мажлислари ташкиллаштирилди. МДҲ ташкилотидаги бундай доимий фаол мулоқот сиёсий, иқтисодий ва маданий гуманитар соҳаларда, ҳамда хавфсизлик соҳасидаги долзарб масалаларни ўз вақтида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этди.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ҳамдўстликдаги раислигининг самарадорлигига ёрқин мисол сифатида МДҲ доирасида 2020 йилда ташкилотнинг устувор йўналишлари бўйича имзоланган муҳим ҳужжатларни айтиш мумкин. Хусусан, МДҲ доирасида сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, маданият, туризм, спорт, ёшлар сиёсати, инновацион ривожланиш каби ҳозирги замон талабларига мослаштирилган устувор йўналишларда Ҳамдўстлик доирасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун замин яратган стратегик ҳужжатлар қабул қилинди.















