Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов «Бухоро шаҳрининг тарихий қисми ҳудудига киришни назорат қилиш тизимлари мажмуаси»ни жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимоти билан танишди.

Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирларига оид қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Тақдимотда таъкидланишича, лойиҳанинг асосий мақсади маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, оммавий тадбирлар вақтида кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда зарурат туғилганда тарихий ҳудудга транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклашдан иборат.

Бунинг учун Бухоро шаҳрининг эски қисмида 20 та назорат нуқтаси белгиланган бўлиб, уларга замонавий «таранга қарши» мосламаларни ўрнатиш режалаштирилган.

Лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда тарихий ҳудуднинг беш нуқтасида, жумладан, Хўжа Нуробод, Самарқанд, Афросиёб, Баҳоуддин Нақшбанд кўчалари ҳамда «Сомонийлар истироҳат боғи»га кириш йўлагида хавфсизлик мосламаларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Тақдимот якунида вилоят ҳокими мутасаддиларга мосламалар ўрнатиладиган ҳудудларнинг топографик чизмаларини тайёрлаш, ишларнинг самарадорлигини ошириш учун ишчи гуруҳ тузиш ҳамда Тошкент ва Самарқанд тажрибасини ўрганиш бўйича тегишли топшириқлар берди.














