Ижодий гуруҳнинг дастлабки манзили Боғдод тумани марказида жойлашган автошоҳбекат бўлди. Туман марказидаги ҳайдовчилар асосан «Дамас» автомашинасидан йўловчи ташишда фойдаланишади. Ҳайдовчиларга микрофон тутганимизда улар бугунги куннинг энг оғриқли масалаларидан бири – «заправка»лардаги навбатлар ҳақида гапириб берди.

«Метан тўлдириш «заправка»лардаги муаммоларни борсангиз кўрасиз. Буни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Ўзим автомобилимга газ тўлдириш учун бир кунда 3 соатдан 5 соатгача навбатда тураман. Икки минг сўмлик йўналишда қатнайман. Йўналиш учун ҳар ой лицензия оламан – ойлик тўлови 350 минг сўм. Энди ўйлаб кўринг: метанда 5 соатгача навбатда турсам, кунимнинг ярми ўтади.

Метан тўлдириб чиқиб, икки марта бориб келаманми-йўқми, қоронғу тушади. Шу тарафлари озгина қийинчилик туғдиради. Агар газда муаммо бўлмаса, бундай қийинчиликлар ҳам бўлмайди. Лицензия олиш учун ойлик тўловни ҳам бажараман, ундан орттириб рўзғоримни ҳам тебратаман. Ёзда яхши бўлиб кетади. Лекин қишда муаммо», – дейди ҳайдовчилардан бири.

Киши қай юртга бормасин, ўша ҳудуднинг бозори-ю, мозорини зиёрат қилади. Боғдодда ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари катта бозор бўлади. Қолган кунлари эса туман аҳолиси кундалик харидни туман марказидаги кичик бозорчада амалга оширади.

Ҳозир нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш ҳудудий раҳбарларнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Айниқса гўшт нархи долзарб.

«Қўй гўшти олмоқчи эдик. 68 минг сўмдан бермоқда. Мол гўшти нархи билан ҳали қизиқиб кўрмадик», – дейди Боғдод тумани марказидаги гўшт дўконидан харид қилаётган аёллар.

Гўшт сотувчини ҳам суҳбатга тортдик.

«Новвос гўштларини 60 минг сўмдан, қўй гўштини 70 минг сўмдан сотяпмиз. Ўзим қассобман. Ўзим сўйиб, ўзим сотаман», – дейди у.

Улардан бугунги кунда жойларда арзонлаштирилиб сотилаётган ярмаркаларда гўшт нархи нисбатан арзонроқ-ку, деб сўраганимизда, улар буни қуйидагича изоҳлади: