01:00 / 28.12.2020
23902

Globe Soccer Awards: Левандовски – йил футболчиси, Роналду – аср футболчиси, «Реал» – аср жамоаси

Фото: Globe Soccer Awards

БААнинг Дубай шаҳрида анъанавий Globe Soccer Awards мукофотларини топшириш маросими ўтказилди.

Унга кўра, «Бавария» ҳужумчиси польшалик Роберт Левандовски 2020 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Левандовски сўровномада Лионель Месси ва Криштиану Роналдуни ортда қолдирди. «Бавария» мураббийи Ҳанс-Дитер Флик «Ливерпуль» мураббийи Юрген Клопп ва «Аталанта» устози Жан-Пьеро Гасперинини ортда қолдириб, 2020 йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. «Бавария» эса йилнинг энг яхши клуби бўлди.

Испания миллий жамоаси футболчилари Икерь Касильяс ва Жерар Пике ажойиб фаолияти учун махсус мукофот билан тақдирланди. Касильяс фаолияти давомида 3 марта ЕЧЛда («Реал» сафида), бир марта жаҳон чемпионати ва икки марта Европа чемпионатида ғолиб бўлган. Пике эса битта Жаҳон Кубоги, иккита Европа чемпионлигидан ташқари 4 марта ЕЧЛ бош совринини («МЮ» ва «Барселона» сафида) қўлга киритган.

Бу гал Дубайда ноодатий тарзда асрнинг энг яхши футболчиси, жамоаси ва мураббийи ҳам аниқланди. Янги асрнинг иккинчи декадаси ортда қолаётгани сабаб Globe Soccer Awards ташкилотчилари шундай қарорга келишди. Туриннинг «Ювентус» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду ХХI асрнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Мадриднинг «Реал» клуби «аср жамоаси» деб эътироф этилди. «Қироллик клуби» ХХI асрнинг ўтган 20 йили ичида 5 бор Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди. «Манчестер Сити» мураббийи Хосеп Гвардиола эса Зинедин Зидан, Жозе Моуриньо ва Алекс Фергюсонни ортда қолдириб, асрнинг энг яхши мураббийи бўлди. 

Globe Soccer Awards тақдирлаш маросими 2010 йилдан буён Дубайда ўтказилади. Ҳар йили ташкилотчилар янги-янги номинациялар қўшиб келишади. 2010 йил энг яхши футболчи аниқланмаган ва кейинги 10 йилда Криштиану Роналду 6 марта энг яхши футболчи деб топилган. Йилнинг энг яхши футболчиси номини Лионель Месси, Радамель Фалькао, Франк Рибери ва Роберт Левандовски бир мартадан қўлга киритган.

Йилнинг энг яхши мураббийи номига Жозе Моуриньо, Антонио Конте, Карло Анчелотти, Марк Вилмоц, Фернанду Сантуш, Зинедин Зидан, Дидье Дешам, Юрген Клопп ва Ҳанс-Дитер Флик каби мураббийлар муносиб топилган. Қизиғи, бирор марта йил мураббийи бўлмаган Хосеп Гвардиола аср мураббийи деб топилди.

2015 йил ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов Globe Soccer Awards тақдирлаш маросимида йилнинг энг яхши ҳаками совринини қўлга киритган.

Top