Давлат раҳбари мукофотланганларни табриклаб, уларга ўзининг юксак эҳтиромини билдирди.

«Биз кейинги йилларда яхши анъанани йўлга қўйиб, юртдошларимизга мукофотларни байрам кунида топшириб келаётган эдик. Афсуски, бу йилги пандемия шароитида одамларимизнинг соғлиғини асраш учун ушбу хайрли тадбирни бироз кейинга суришга тўғри келди. Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Насиб этган экан, мана бугун сизлар билан Янги йил байрами арафасида юзма-юз кўришиб, дийдорлашиб турибмиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳаётда хурсандчилик билан турли синов ва қийинчиликлар ёнма-ён юради. Бу йил коронавирус пандемияси бутун инсоният бошига катта ташвишлар солди. Халқимиз бу касалликка қарши курашиш билан бирга бошқа синовларга ҳам дуч келди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган офатлар рўй берди.

«Эл-юртимиз бу муаммолар қаршисида саросимага тушиб қолгани йўқ. Аксинча, қийинчиликлар бизни янада бирлаштирди, бир-биримизга меҳримиз ортди. Мураккаб вазиятга қарамасдан, кўпни кўрган, азму шижоатли халқимизнинг фидокорона меҳнати билан бу синовларни мардона енгиб ўтяпмиз. Барака ҳамжиҳатликда, деган гап ҳаётимизда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларини камайтириш бўйича кўраётган чора-тадбирларимиз ўз самарасини беряпти», – деди президент.

Аҳоли соғлиғини асраш, иқтисодиётни ривожлантириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётгани таъкидланди. Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари барпо этилмоқда. Биргина шу ойда Тошкент металлургия заводи, янги метро йўналиши ишга туширилди. Жорий йилда пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони бунёд этилди. Барча вилоят ва туманларда замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, янги-янги боғчалар, мактаблар, маданият ва санъат ҳамда спорт масканлари қад ростламоқда.