Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафоев президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси бўйича шарҳ ёзди.
29 декабр куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг мурожаати ўзининг долзарблиги ва стратегик аҳамияти билан бугун сиёсий экспертлар орасида катта қизиқиш ўйғотмоқда ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатларида Марказий Осиё Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимий равишда давлатимиз раҳбарининг диққат марказида, буни биз президентимизнинг нуфузли минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг юқори минбарларидан туриб минтақа масалалари бўйича илгари сурган таклиф ва ташаббусларида ҳам кўришимиз мумкин.
Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатларида Марказий Осиёни ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканлигига яна бир бор урғу беришларининг қуйидаги муҳим жиҳатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг узвий ва чамбарчас боғлиқ қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош минтақадаги ягона давлат, яъни минтақадаги у ёки бу давлатдаги ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳадаги ўзгаришлар бевосита Ўзбекистонга таъсир қилади. Қолаверса, транспорт, иқтисодиёт, энергетика ва сув соҳасидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш минтақа давлатларининг ҳамкорлик даражасига боғлиқ. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнаши Ўзбекистон Республикасининг бош мақсади ҳисобланади.
Иккинчидан, барчамизга маълум Марказий Осиё геостратегик минтақа ҳисобланади. Бунга бир томондан минтақанининг қулай географик ҳудудда, яъни муҳим минтақавий ва халқаро транспорт йўлаклари кесишмасида жойлашганлиги, бой табиий ресурсларга эга эканлиги сабаб бўлса, иккинчи томондан Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутадиган Яқин Шарқ, МДҲ ва Осиё давлатлари билан чегарадошлигидир. Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатларнинг манфаатлари кесишган ҳудуд ҳисобланади.
Юқоридаги омиллар минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга фақатгина ўзаро тушуниш ва манфаатларга асосланган ҳамкорлик орқали эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг бугунги кундаги очиқлик, яхши қўшничилик, стратегик шерикчилик, ўзаро ишонч ва мавжуд муаммоларни оқилона муроса йўли билан ҳал этиш тамойилларига асосланган мутлақо янги минтақавий сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлашда, минтақанинг ҳамкорлик маконига айланишида муҳим гаров сифатида хизмат қилишидан далолат беради.














