Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабр куни парламентга мурожаатнома билан чиқди. Унда давлат томонидан 2023 йилга режа қилинган асосий янгиликлар эълон қилинди. Қуйида биз иқтисодий йўналишда кутилаётган энг муҳим ўзгаришларни санаб ўтамиз.
Бу йил ёз ва куз-қиш ойларида кузатилган электр энергияси ва газ таъминотидаги муаммолар мамлакат энергетика инқирози ёқасига келганини кўрсатди. Президент урғу берган масалалар ичида энергетика муаммоси асосийларидан бири бўлди.
“Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам, айни ҳақиқат.
Оқибатда, тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.
Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 13 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада, электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Иқтисодиёт барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин”, – деди Президент.
Шавкат Мирзиёев 2022 йилда қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станцияси ишга туширилгани, 2023 йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳа якунига етказилишини айтди. Газ захираларини кўпайтириш учун геология-қидирув ишлари бўйича 10 йиллик дастур қабул қилинади.
Давлат раҳбари энергетика бозори эркинлаштирилиши кераклигини ҳам таъкидлади. Қолаверса, кўпроқ газ ва электр ишлатадиган бадавлат қатлам бозор нархида тўлаши керак, чунки бу ресурслар бюджетдан ажратиладиган субсидия ҳисобидан аҳолига арзон сотилади. Бойларнинг харажатини бюджетдан субсидия қилиш эса адолатсизлик.
“Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.














