Kun.uz мухбири президент мурожаатномаси ва унда кўтарилган энг муҳим мавзулар атрофида журналист Шароф Убайдуллаев, иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ва таълим масалалари бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев билан интервью ўтказди.
— Баҳодир ака, президент мурожаатномасида энг кўп гапирилган мавзулардан бири мактаб, таълим ва унинг сифатини ошириш ҳақида бўлди.
Биз сал туриб уни қандай ўнглаш, бу йўлда қилинадиган ишлар мавзусига ҳам ўтамиз. Лекин бундан аввал келинг, бугун ўзбек таълими, аниқроғи мактаб таълими сифат жиҳатидан қайси босқичда, қайси даражада эканига бир ойдинлик киритиб олсак. Яъни сиз эксперт сифатида халқ таълимидаги муаммолар картинасини қандай кўрасиз, у бугун қайси босқичда?
— Албатта, давлат раҳбарининг таълим масаласига катта урғу бериб, уни йилнинг энг асосий реформаси сифатида белгилаши яхши, лекин маърузада бу бўйича бирор аниқ таклиф ёки ўша саволга жавоб кўрмадим. Демак таълим борасида давлат нима қилмоқчи экани ҳали биз учун қоронғи масала.

Тарихга назар солсак, таълим билан нималар қилишмади ўзи деган картина кўз олдимизга келади. Унда таълим тегилмаган, таълим гапирилмаган даврнинг ўзи бўлмади. 30 йил ичида таълим шу даража трансформациялардан ўтдики, у қайси концепция асосида ўзгартирилгани ҳам бир-биридан фарқ қилади.
Аввало биз совет таълим тизимини 9 йил мактаб, 3 йил профессионал таълимга ўтказишга ҳаракат қилдик. Лицейлар ва коллежларнинг ўзига бутунлай бошқа концепция асосида қаралди.
Бундан ташқари, ўша даврнинг ўзида таълим дастурлари бир неча ўзгаришларни бошдан кечирди. Унинг орасида таълим методикаларини ўзгартиришга ҳаракат қилинди. Охирги тўрт йилда ҳам дарсликларнинг деярли ҳар йили ўзгариши, ўқитувчилар малака ошириши бўйича яна янги ислоҳот эълон қилиниши, 11 йилликка қайтилиши...
Яъни таълим шунчалик эътиборсизлик билан ўзгартирилдики, бундан кейин ҳам эътибор қилинишига одам ишонмай қўйди. Таълим яна реформа бўларкан деса одамларда ишонч ҳам қолмади. Реформа бўладими-йўқми ва бўлса, самара берадими-йўқми?
Таълимнинг ўзидаги муаммоларга қайтадиган бўлсак, таълим бугун комада. Хўш, бугун унинг дастури билан 11 йил ўқиган болаларнинг неча фоизи ўша малакага эга бўлиб чиқяпти?
Агар таълимдаги дастурнинг ўқувчилар томонидан ўзлаштириш кўрсаткичи 70-80 фоиз бўлса, унга сарфланган пул ўзини оқлаяпти, деса бўлади. Лекин бугун 11 йиллик таълим дастури билан 100 нафар болани ҳақиқатда синовдан ўтказинг-чи, неча фоизи талабга жавоб беради?














