Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 декабр куни парламентга қилган мурожаатида келгуси йилда профессионал таълим тизими меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинишини, 1 январдан талаб юқори бўлган касблар бўйича фуқароларнинг малака даражасини тасдиқлаш тизими жорий этилишини маълум қилган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Kun.uz’га мурожаатнома юзасидан 2021 йил давомида вазирлик томонидан амалга оширилиши белгиланган аниқ мақсад ва режалар ҳақида маълумот берди.

«Келгуси йилда профессионал таълим тизими меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинади. Бундан буён ишчи касблар бўйича талаб қўйишда малака асосий ўринга чиқади. Шунинг учун мурожаатномада ҳукумат келгуси йил 1 январдан талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича фуқароларнинг малака даражасини тасдиқлаш тизимини жорий этиш масаласи қайд этиб ўтилди”, – деди Нозим Ҳусанов.

Маълум қилинишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасига ишчи касблар бўйича фуқаролар малака даражасини ихтиёрий баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда билим ва кўникмаларни баҳолаш марказларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Ҳукумат қарорининг лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилган.

«Ундан ташқари, 2021 йил давомида ҳар бир ҳудудда 1 тадан халқаро андозалар ва замонавий технологиялар жалб этилган «Ишга марҳамат» мономарказлари ишга тушади. Ушбу мономарказларда ҳам касбий малака даражасини баҳолаш ва тасдиқлаш фаолияти ташкил этилади. Ушбу мономарказларда касбий малака даражаси баҳоланган шахсларга халқаро даражадаги ҳужжат – Skills паспорт берилади.

Нозим Ҳусанов

Шунингдек, иқтисодиётнинг талаб юқори бўлган 22 та тармоғи (қурилиш, кимё ва нефт-кимё саноати, электротехника саноати, енгил саноат (тўқимачилик ва тикув ишлаб чиқариш), озиқ-овқат саноати, Туризм ва меҳмонхона хўжалиги, алоқа ва ахборот технологиялари ва бошқа тармоқлар) касблари бўйича малакаларни баҳолаш марказлари ташкил этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ишчи касблар бўйича малака даражасини баҳолаш нафақат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги мономарказ ва ўқув марказлар, балки аксарият қисми нодавлат (тижорат) корхона ва ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланган.