2020 йил 3 ноябргача
АҚШда 2020 йилнинг 3 ноябрида ўтказилган президентлик сайловларидан олдин ҳам Республикачилар партияси ва Трампнинг сайловолди штаби ҳуқуқшунослари турли штатларда бир неча суд даъволарида қатнашишганди. Улар почта орқали овоз бериш муддати узайтирилишига қарши чиқиб, Трампнинг штаби вакиллари муддатидан олдин овоз бериш жараёнини кузатишга жалб этилишини талаб қилишганди. Судлар бу даъволарни рад этишган. Сайловлар арафасида Трамп бир неча марта почта орқали овоз бериш сайловлардаги сохталикларнинг асосий воситаси бўлишини айтиб ўтди (демократлар ўз тарафдорларини коронавирусга чалинмаслик учун айнан шу усулдан фойдаланишга тарғиб қилишди).

3 ноябр
Оддий қилиб айтганда президент сайлови куни. Аммо аслида бу кунда сайловчилар ўз штатида кейинроқ икки партиядан бирининг номзодларига овоз берувчи делегатларни сайлашади. Делегатлар эса бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, якуний овоз бериш жараёнида қатнашишади, натижалар кейинги йил январи бошида Конгресс палаталарининг қўшма палаталари йиғилишида тасдиқланади. Одатда ғолиб сайловлар куни кечасиёқ маълум бўлиб улгуради (ҳар бир штатдаги сайловчи делегатлар сонига кўра), аммо бу сафарги сайловлар почта орқали овоз бериш оммалашгани учун овозларни ҳисоблаш кўп вақт олди.

4 ноябр
Сайловлардан кейинги тунда Трамп ўзини ғолиб деб эълон қилди ва овозларни ҳисоблаш зудлик билан тўхтатилиши зарурлигини айтди. У бўлиб ўтаётган воқеаларни «Америка халқини фирибгарлик билан алдаш» деб атади ва Олий судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилди (сайловлардан бироз аввалроқ у амалдаги президент сифатида вафот этган либерал Рут Бейдер Гинзбург ўрнига консерватор Эми Барреттни тайинлади ва бу орқали Олий суддаги консерватив судьялар сони янада ошди).

Кейинги кун тонгида Трамп - Жоржия, Шимолий Каролина ва Пенсилванияда «яққол ғалаба»га эришганини эълон қилди — булар одатда сайлов натижасини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган олтита иккиланувчи штатларнинг учтаси эди. Шу билан бирга, бу штатларда ҳали овоз бериш жараёни давом этаётганди, якунда фақат Шимолий Каролинада амалдаги президент устунликни сақлаб қолди.

5 ноябр
Трампнинг твитидан кейин унинг тарафдорлари «Ҳисоблашни тўхтатинг!» ва «Ўғирлашни тўхтатинг!» шиорлари билан кўчаларга чиқа бошлашди.