Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони ҳудудига ракета ва дронлар ҳужумлари муносабати билан чуқур хавотир билдирди.
“Тинч аҳолига, фуқаролик ва энергетика инфратузилмаси объектларига қарши куч ишлатиш билан боғлиқ, шунингдек, минтақа давлатлари хавфсизлиги ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралаймиз.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига қатъий риоя этилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали, мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида амалга оширилиши лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақа давлатларининг Яқин Шарқда кескинликни юмшатиш, можаронинг янада кенгайишининг олдини олиш ва барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган саʼй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”, – дейилади ТИВ баёнотида.
8 сентябр куни Ямандаги ҳусийчилар Саудия Арабистонининг жанубий ҳудудларига баллистик ракеталар ва дронлар билан катта ҳужумлар уюштирди. Абҳа, Жизон, Нажрон ва Ҳамис-Мушайтдаги энергетика ва иқтисодий объектлар нишонга олинган.
Ҳужумлар оқибатида 70 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жизондаги нефт-газ объектларида ёнғинлар чиққан. Бу – 2022 йилдаги Саудия–ҳусийчилар сулҳидан кейинги энг жиддий эскалациялардан бири бўлмоқда.
Шунингдек, 11–12 сентябр кунлари Саудия Шарқ-Ғарб қувурлар тармоғи – мамлакат шарқидаги нефт конларини Қизил денгиздаги Янбу порти билан боғловчи стратегик қувурга бир нечта дрон ҳужуми қилинганини билдирди.
Саудия маълумотига кўра, дронлар Ироқ ҳудудидан учирилган. Ҳужум натижасида одамлар жароҳатланган ва қувурга зарар етган. Саудия ҳозирча жавоб зарбаси бермаслигини, Ироқ ҳукуматига чора кўриш имконини беришини билдирди. Бу қувур Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият туфайли Саудия нефтини Қизил денгиз орқали экспорт қилишнинг муҳим муқобил йўли бўлиб қолаётганди.
Бундан ташқари, ҳудуддаги эскалация Қизил денгиз ва Боб-ал-Мандаб бўғозидаги халқаро кема қатнови учун ҳам хавфни оширмоқда.













