Жорий йил 15 январ куни Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда ушбу ҳудудда жойлашган туман ва шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари Тошкентда ташкил этилган семинар-тренингда иштирок этиш учун пойтахтда бўлиб туришибди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсадлар – ҳудудларни комплекс ривожлантиришда янгича тизимни жорий қилиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ўсиш нуқталарини аниқлаш, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, фаолиятни режалаштириш ва ишларни ташкил қилиш ҳамда вақтдан унумли фойдаланиш орқали самарадорликни ошириш, курс иштирокчиларида халқаро тажрибага асосланиб келажакда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида кўникма ҳосил қилиш.

Ушбу ўқишга жалб этилган Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Kun.uz билан суҳбатда 2021 йилда вилоят иқтисодий комплекси олдига қўйилган вазифалар, режа ва мақсадлар ҳақида гапириб берган. Шунингдек, иқтисодий комплекс раҳбарларининг иш услуби, камбағалликка қарши курашишдаги ҳаракатлари ҳақида мулоҳазаларини билдирган.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида жорий йилнинг 11-26 январ кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлари биринчи ўринбосарларининг савияси ва малака даражасини ошириш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 2021 йил бошида ташкил этилган ХПК сессиясида ҳоким ўринбосарлари малакасини ошириш бўйича ўқув ташкил қилиниши, ўрганишларда уларнинг 12 нафари қўйилган талабга жавоб бермагани, 40га яқини эса ўз лавозимида шартли равишда қолдирилгани ҳақида гапирган эди.