Таҳририятга мурожаатдан сўнг Kun.uz мухбирлари вазиятни ўрганиш мақсадида Ургут туманида бўлди.

Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш лозим, Ургут Самарқанд вилоятидаги энг аҳоли зич яшайдиган туманлардан бири. Бу ҳудудда ярим миллион аҳоли истиқомат қилади. Деярли барча давлат ташкилотлари туман марказида жойлашган. Кўчаларда иккита машина ёнма-ён туриб қолса, учинчисида муаммо пайдо бўлади. Аммо бу ўринда гап қайсидир марказий кўчани кенгайтириш ҳақида бормаяпти.

«Уйларимиз 1982 йилда қурилган. Яқинда огоҳлантириш хати бериб кетишди. 40-50 йилдан буён тинч яшаб келаётган уйимизда ҳеч қанақа қурилиш қилмаслигимиз керак экан. Келгусида уйларимиз бузилиши мумкинлигини айтишмоқда. Бу хонадонда ҳали уйланмаган ўғлим, катта фарзандларим билан бирга яшаётган келинларимиз бор, қаерга борамиз? Огоҳлантириш бериб кетишганига ҳатто дарвоза ҳам қурмай ўтирибмиз, кўнгилсиз бўлиб қолдик», - дейди Роҳила Муродова.

«Менга ҳам огоҳлантириш хати олиб келишди, олмадим. Чунки мана, 60 ёшга кириб ҳам уйимнинг чаласи бор. Ҳали яна қанча яшайман, бундан кейин ҳам камчиликларни тўғрилолмайман. Яқинимизга масжид келди, қариган чоғимизда намозимизни ўқиймиз, деб қувониб ўтиргандик. Масала бутунлай чаппасига айланиб кетяпти. Бизни бошқа жойга кўчириб юборишмоқчи, тушунмаяпман», - дейди Низомиддин Тўраев.

Одатда муқим яшаб келаётган аҳолининг уйи «снос»га тушишига сабаб бўладиган омиллар бор. Масалан, бирор йўлни кенгайтириш, давлат аҳамиятига молик бирор объектнинг қурилиши ва шу кабилар.

Мурожаатчиларнинг қўлидаги огоҳлантириш хатига эътибор қилдик. Унда ёзилишича, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2020 йил 6 августда туманда ўтказган сайёр йиғилиши баёнига асосан Ургут эркин иқтисодий зонасининг Мерганча массивидаги саноат корхоналари билан қўшилиб кетган аҳоли турар жой биноларини тўлиқ хатловдан ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, хатлов натижаси бўйича турар жой биноларини кўчириш орқали ҳудуднинг бош режасига ўзгартириш киритиш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш, хатловда аниқланган уй-жой биноларининг кўчирилиши ҳақида огоҳлантириш берилишига доир топшириқ бўлган.