11:16 / 19.01.2021
3137

«ЎзРТХБ»: Хорижий эксперт ўзбек биржасида семинар ўтказди

2021 йилнинг 15 январь куни муддатли бозорлар бўйича хорижий эксперт Артур Ахмадишин Ўзбекистон республика товар хомашё биржасининг мутахассислари учун семинар-тренинг ўтказди. Мазкур тадбир ўқув машғулотлари, тақдимотлар ва очиқ мулоқот шаклида ўтказилди.

Машғулотларда биржанинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари ҳамда «Трастбанк» ХАБ ҳисоб-китоб банки вакиллари иштирок этишди.

Семинар-тренинг муддатли бозорни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича хорижий амалиётни ўрганиш ҳамда маҳаллий мутахассисларга дериватив бозорлари юзасидан, шу жумладан товар фьючерслари бўйича маслаҳатлар бериш мақсадида ташкил этилди.

Эксперт тренингда фьючерс бозорининг асосий тушунчалари ва ишлаш механизми ҳақида сўзлаб, муддатли бозорни ишга тушириш учун зарур шарт-шароитлар, шу жумладан ҳуқуқий-меъёрий, ташкилий ва техник талабларни тушунтириб берди.

Товар сегментларида қўлланиладиган фьючерс бозорининг турлари ва афзалликлари, Марказий контрагентнинг фаолияти ва профессионал савдо иштирокчиларининг функциялари намойиш этилди.

Тадбир давомида семинар иштирокчилари фьючерс савдолари ва муддатли бозорнинг клиринг хизматини ташкиллаштириш бўйича Россия амалиёти билан қизиқдилар.

Тингловчилар фьючерс бозорининг инфратузилмаси, савдоларни ўтказиш қоидалари, хатарлар менежментининг ўзига хос хусусиятлари, бозор нархларининг шаклланиш механизми ҳамда биржада хатарлар ва нархлар ўзгаришини хежерлаш ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Машғулотлар якунида фьючерс шартномаларини Ўзбекистон Республикасининг товар биржаларида жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тренинг иштирокчилари мазкур машғулотнинг ўтказилиши муҳимлигини таъкидлаб, келажакда шу каби тадбирларни мунтазам равишда ташкиллаштириш истагини билдирдилар.

Маълумот учун: Ахмадишин Артур Равилевич – муддатли бозорларида клиринг хизмати бўйича эксперт. Клиринг операциялари ва IT-индустриясида 15 йиллик амалиётга эга. Санкт-Петербург Халқаро товар-хомашё биржаси (СПбХТХБ) нинг муддатли бозорлари учун дастурлар мажмуасини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва юритишда иштирок этган.

«ЎзРТХБ» АЖ PR бўлими

Top