Туризм қўмитаси хабарига кўра, Азиз Абдуҳакимов Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашди. Азиз Абдуҳакимов учрашув доирасида UNWTO бош ассамблеяси XXV сессиясини 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш учун Ўзбекистон тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.
UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистоннинг туризмни болаликдан бошлашга доир ташаббусини юқори баҳолаб, ушбу ташаббусни бутун дунё мамлакатлари мактабларида алоҳида фан сифатида киритиш ва соҳага оид дарслик яратишга туртки бўлишини таъкидлади.
"Туризмни ривожлантиришни болалардан бошлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси UNWTO ҳамкорлигида бутун дунё мамлакатларининг бошланғич мактаблари учун алоҳида фан жорий қилиш ва дарслик яратишга туртки бўлади. Бу фанни Осиёда илк бор Ўзбекистон мактабларида синовдан ўтказишни таклиф қиламан", - деди Пололикашвили.
Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили билан Тошкент вилоятида глобал инвестиция форумини ўтказиш бўйича келишувга эришди.
Томонлар 2021 йилнинг июнь ойида (жаҳондаги санитар-эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида UNWTO шафелиги остида глобал инвестиция форуми ўтказилишига доир келишувга эришишди. Зураб Пололикашвили UNWTO Италия билан ҳамкорликда Биринчи болалар туризми форумини ташкил қилишни режалаштираётганини маълум қилиб, унинг доирасида Ўзбекистоннинг ёш сайёҳларни тарбиялашдаги тажрибаси тақдимотини ўтказишни таклиф қилди. Шу билан бирга, 2022 йилда иккинчи шундай форумни Ўзбекистонда ўтказиш имконини кўриб чиқиш сўралди.
Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси UNWTO’нинг "Глобал туризм инқирози бўйича қўмитаси" йиғилишида иштирок этди. Кун тартибидаги асосий масалалардан бири COVID-19 вакциналарининг туризмни тиклашга доир мувофиқлаштирилган ёндашувига бағишланди. UNWTO ўз таркибидаги қўмита аъзоларининг туризм соҳаси ва саёҳатларга бўлган ишончни тиклаш бўйича глобал кампания учун кучларни бирлаштиришга чақирди.









