«Ипак йўли» саноатлашмаган маҳаллалардан бири ҳисобланади. Очиғи, чекка-чекка қишлоқларда корхоналар пайдо бўлиши табиий тарзда иш ўринлари кўпайишига хизмат қилади ва одатда маҳаллий аҳоли бундай ташаббусларга хайрихоҳ бўлади. Негадир «Ипак йўли» маҳалласи аҳлини мазкур корхонанинг ишга туширилиши бутунлай норози қилган кўринади.

Халқ депутатлари Мирзачўл туман кенгаши депутати Заҳриддин Усмоновнинг айтишича, маҳалланинг бошланиш қисмида кимёвий ўғит ишлаб чиқариш корхонаси қурилгач, ҳудудда яшаётган аҳолидан эътирозлар кўпайган. У халқ вакили сифатида бевосита ўзи, қолаверса, фуқаролар номидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаларига мурожаат қилинганини айтмоқда. Аммо ҳозирча муаммо бартараф этилмаган.

Kun.uz мухбирлари фосфорли ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Зилол булоқ» масъулияти чекланган жамиятига борди. Ўша вақтда корхона ишламаётганди. Корхона дарвозасини ҳеч ким очмагани сабабли МЧЖ масъуллари билан кўришишнинг имкони бўлмади.

Узоқ йиллардан бери шу маҳаллада яшаб келган Абдухолиқ Усмоновнинг айтишича, корхона ишга тушганидан буён ҳовлисида нафас олиш қийинлашган. Абдухолиқ аканинг ҳовлиси мазкур объектга анча яқин жойлашган. У корхона ишлаётган вақтда атрофни қора тутун ва қўланса ҳид тутиб кетишини қўшимча қилди.

«Яқинда ушбу корхона «шарофати билан» бизнинг маҳалламизга ҳам табиий газ келиши мумкинлиги ҳақида гапиришди. Очиғини айтаман, шу корхона ишлаб туриб, аҳолига газ беришадиган бўлса, бизга бундай газнинг кераги йўқлигини айтдик», дейди Абдухолиқ Усмонов.

Манзура Нурбоева ҳақиқий ҳолатни корхона ишлаб тургандагина ҳис қилиш мумкинлигини айтиб ўтди.