Танлов табиат ҳамда инсоннинг атроф-муҳит билан муносабатларини ёритувчи фото ва видео ҳикояларга бағишланган. Бу йилги совринли ишлар орасида ҳайвонларни қутқариш, тунги ўрмон ҳаёти ва қайта тикланувчи энергия мавзуларидаги суратлар ҳам бор.

Белгиялик ҳужжатли фотограф Ален Шредер «Орангутанларни қутқариш» туркуми учун энг яхши фотоҳикоя мукофотини олди. Индонезиянинг Суматра оролида олинган суратларда табиий яшаш муҳитининг йўқолиши, одамлар билан тўқнашувлар ва ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосидан жабрланган орангутанларга ёрдам кўрсатиш жараёни тасвирланган.

Туркумда шошилинч ёрдам, ветеринария муолажалари, реабилитация ва ҳайвонларни ёввойи табиатга қайтаришга тайёрлаш босқичлари акс этган. Суратлар бу жараённинг мураккаблиги ва табиатни муҳофаза қилувчи мутахассислар меҳнатини кўрсатади.

«Соф табиат — ҳаво» йўналишида Ян Поклуданинг қизилиштон ва унинг полапони тасвирланган сурати ғолиб бўлди. Қуш кекса эман ковагидаги боласига озуқа олиб қайтган лаҳза суратга туширилган. Уянинг одатдагидан паст жойлашгани фотографга бу манзарани камёб ракурсдан олиш имконини берган.

«Карпат ҳавзаси» йўналишида Имре Потонинг тунги ўрмон сурати эътироф этилди. Фотограф 108 сониялик узоқ экспозиция ёрдамида ой ёритган ўрмон фонида капалаклар парвозининг ёруғ изларини акс эттирган.



















