Якка тартибдаги фаолият турини ташкил қилиш ва тадбиркорлардан олинадиган солиқ тўловлари ҳақида Давлат Солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Пўлат Давлатов маълумот берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, якка тартибдаги тадбиркорлик (ЯТТ) фаолиятини ташкил қилиш учун Давлат хизматлари агентлиги марказларидан бирига бориш орқали ёки электрон шаклдаги интерактив хизматлар ёрдамида рўйхатдан ўтиш мумкин.

«Эндиликда тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтиши учун ортиқча ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмайди. Тадбиркорлик фаолиятини ярим соат ёки узоғи билан бир соат муддатда рўйхатдан ўтказиб тадбиркорлик гувоҳномаси олиш мумкин», – деди Пўлат Давлатов.

Тадбиркорликни истаган шахс рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари марказига борадиган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида давлат божи тўлаши, агар тадбиркор электрон шаклда мустақил рўйхатдан ўтмоқчи бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши белгиланган.

Якка тартибдаги тадбиркор(ЯТТ)лар қандай тартибда солиқ тўлайди?

I. Бир календар йили давомида ЯТТнинг олган даромади 100 миллион сўмгача бўлса, қатъий белгиланган тартибда солиқ тўлайди.

II. Бир календар йилида олган даромади 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар товар айланмасидан олинадиган даромад ҳисобидан солиқ тўлашга ўтказилади.

III. Бир календар йилида товарлар айланмасидан олинган даромади 1 миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқларни юридик шахслар учун белгиланган тартибда тўлашга ўтказилади.

Маълумот учун, жойлашган жойи ва фаолият туридан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар учун алоҳида, вилоят марказидаги тадбиркорлар учун алоҳида ва чекка ҳудудлардаги тадбиркорлар учун алоҳида қатъий белгиланган солиқ ставкаси белгиланган.

ЯТТ лар учун қандай имтиёзлар берилган?