20:10 / 30.01.2021
32637

Чиноз туманига янги ҳоким тайинланди

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ишдан кетган куни унинг ўринбосарларидан бири ҳам вилоят ҳокимлигини тарк этди: Ботир Алимбеков фаолиятини Чиноз ҳокими сифатида давом эттиради.

Акмалхон Маъдиев (архив фото)

Халқ депутатлари Чиноз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Акмалхон Маъдиев лавозимидан озод қилинди.

Вилоят ҳокимлигидан маълум қилишларича, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Алимбеков Ботир Баҳодирович Чиноз ҳокими этиб тайинланган.

Ботир Алимбеков
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда бугун Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Даврон Ҳидоятов ҳам иштирок этиб, тайинлов юзасидан сўзга чиққан.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Акмалхон Маъдиев 2017 йилдан буён Чиноз тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётган, бунга қадар эса туман прокурори эди. Маъдиевнинг келгуси фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Унинг ўрнини эгаллайдиган Ботир Алимбеков 2020 йил апрелидан буён Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаётганди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ботир Алимбеков 1979 йилда туғилган, Тошкент давлат аграр университетини, сўнгра Давлат ва жамият қурилиши академиясини (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) тамомлаган. Мутахассислиги – зоомуҳандис, иқтисодчи (қишлоқ хўжалиги).

У фаолияти давомида давлат солиқ инспектори (2002–2005), «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий АЖ мутахассиси, туман филиали мудири, раис ўринбосари ва бошқарув раиси (2005–2016), Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи (2016–2017), «Тошкентагрокимёҳимоя» ҳудудий АЖ директорининг биринчи ўринбосари ва жамият директори (2017–2019) лавозимларида ишлаган.

Алимбековнинг вилоят раҳбариятидаги ўрнини Улуғбек Узоқов эгаллади. Узоқов бунгача Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокими эди.

Top