Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) таҳририятга босим ва таҳдид бўлгани сабаб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди.

Бу ҳақда у 3 февраль куни Facebook'даги саҳифасида эълон қилган «Azon.uz'га босим қачон тугайди?» сарлавҳали баёнотда маълум қилган.

«Бугун муассисимиз Мубашшир Аҳмад йиғилиш чақирдилар. Сайтимизда эълон қилинган айрим мақолаларни олиб ташлашимизни айтдилар», – деб ёзади Абдулазиз Муборак.

Унинг айтишича, сайтдаги қуйидаги мақолаларнинг олиб ташланиши айтилган (ҳозирда бу мақолалар сайтдан ўчирилмаган):

«Билишимизча, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб, юқоридаги мақолалар учун жуда қаттиқ ҳақорат ва таҳдид қилибди. Шундай ҳақоратларки, уни айтиш тилга, эшитиш қулоққа оғирлик қилади. Мен домланинг гапларига кўнмадим (мақолаларни ўчиртирмадим), чунки ҳар икки мақолада ҳам муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ёритилган, яъни бир сўз билан айтганда, сиёсатга қарши эмас, аксинча, уни қўллаб-қувватлайдиган фикрлар ёзилганди.

Авваллари ҳам бир неча мақолалар олиб ташланган эди, бугун билишимча, ўша мақолалар ҳам айнан Д.Эшнаевнинг қўнғироқлари орқасидан ўчирилган экан.

Д.Эшнаевнинг хизмат ваколатига сайтлардаги диний мазмунда ёзилган хабар ва мақолаларни кузатиш, таҳлил қилиш кирар, аммо у нега айнан давлатимиз раҳбарининг фикрлари, ислоҳотлари, ташаббуслари ёритилган мақолаларга эътироз билдиради?