Дилдора 19 ёшида Малайзияга ўқишга кетган. Лекин бир йилдан сўнг ота-онаси ўқиш тўловида моддий қийинчиликларга дуч келгани учун таълимни давом эттира олмайди. Ўзбекистонга қайтиб келишни режалаштирмаган Дилдора бир муддат Малайзияда инглиз тили ўқитувчиси ва тур-оператор бўлиб ишлайди.

У ўша орада визасини янгилаш учун 2 ойга Ўзбекистонга қайтиб келади. Дилдоранинг ҳикояси мана шу ерда бошланади.

«Маблағсиз ҳам бошлаш мумкин...»

Виза масаласи ҳал бўлгунча 2 ой бўш юришни хоҳламаган Дилдора агрофирмага ишга киради ва унинг режалари ўзгаради.

«Малайзияда бўлиб турган охирги йилим дўстларим агрофирма очишган ва улар Ўзбекистондан майиз импорт қилиб сотишарди. Мен ҳам ўша агрофирмада сотиш ишлари билан шуғулланиб, тажриба тўплагандим.

Ўзбекистондаги агрофирманинг менежментида баъзи нарсалар менга ёқмаган бўлса-да, лекин бу ерда шу соҳада салоҳият катта эканига амин бўлдим. Шундан сўнг Малайзияга қайтиб кетмай, Ўзбекистонда ишимни давом эттирдим», – дейди Дилдора.

У агрофирмада 1 йил ишлайди, лекин ишни бутунлай бошқача юритиш ниятидалиги сабаб ишдан кетади ва 2 ойдан сўнг ўз корхонасини очади.

«Биринчи 4 ой ўз корхонамда фақат ўзим биргина ишчи эдим. Чунки у пайти маблағим бўлмаса-да, тажрибам ишларим яхши бўлишига ёрдам беради, деб ишонардим.

Баъзилар экспорт соҳасида маблағ бўлмасдан туриб қандай бизнес бошлаш мумкин деб ҳайрон бўлишади. Лекин бу мумкин, сабаби сизга буюртма берилганда баъзида 100 фоиз олдиндан тўлов қилишади. Агар сиз бутун занжирни билсангиз, шунинг билан иш битира оласиз.

Секин-секин буюртмалар кўпайди. Мен ҳам бошида ҳамма сингари ишлаб кўрдим. Лекин бизда тез-тез сифат билан боғлиқ муаммолар кузатила бошлади. Шунинг учун ўзимга нима хато экани ҳақида жуда кўп савол берардим», – дейди Дилдора дастлабки фаолияти ҳақида.

Брокерлар – мева-сабзавот экспортидаги муаммоли нуқта

Дилдора Отажонова қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда энг асосий муаммо ўртадаги одамлар – брокерлар билан ишлашда деб билади. Экспортчиларнинг кўпчилигининг офиси Тошкентда жойлашган. Уларнинг асосий иши брокерлар билан битади. Брокерлар маҳсулотни тайёрлаб қўйишади, экспортчи эса юкни улардан олиб кетади.