2 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар натижалари бўйича «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») қабул қилинди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар қилди.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги

Қайд этилишича, тахминан 600 км узунликдаги ва кенглиги 1520 мм бўлган темир йўлнинг қурилиши 5 йил ичида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, Афғонистон ва Покистонда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қоплаш учун Марказий Осиё мамлакатларидан мавсумий ортиқча гидроелектр энергияси етказиб беришни кўзда тутувчи Сурхон – Пули-Ҳумри юқори волтли узатиш линияси ва CASA-1000 энергия лойиҳасининг қурилиши темир йўл участкаларини қуриш харажатларини камайтиради, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, келгусида йўлни электрлаштириш истиқболлари истисно этилмайди, «бу эса юк ташишнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширади».

«Йўл харитаси» га мувофиқ, жорий йилнинг март-апрел ойларида темир йўл йўналишини ҳар томонлама ўрганиш ва лойиҳалаш учун материаллар тайёрлаш учун қўшма халқаро экспедиция ташкил этилади. Экспедиция Афғонистонда геодезик, геологик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар комплексини ўтказади, бу эса салоҳиятли юк ҳосил қилувчи ва юкни сингдирувчи минтақалар, шунингдек, Афғонистондаги келажакдаги йўлнинг йўналишидан бир қадам масофасида жойлашган йирик фойдали қазилмалар конлари тўғрисида маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Дала экспедицияси материаллари асосида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишнинг асосий масалалари келишиб олинади.

Вазирлик маълумотларига кўра, халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, «Жанубий Осиё – Афғонистон – Марказий Осиё – Россия Федерацияси – Шарқий Европа» йўналиши бўйича экспорт-импорт юкларини ташиш транспорти ҳаракати тадқиқотини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Таъкидланишича, 2025 йилда Ҳиндистон ва Покистоннинг Афғонистон ва МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми мос равишда 20 млрд ва 6 млрд долларни ташкил қилиши мумкин. Ҳозирги вақтда Жанубий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ва МДҲ мамлакатлари ўртасида юк ташиш асосан денгиз транспорти орқали амалга оширилади. Халқаро Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг (МОМИҲ) дастурини амалга ошираётган Осиё тараққиёт банки лойиҳаолди тадқиқотининг мувофиқлаштирувчиси сифатида иштирок этиши мумкин.