Транспорт вазирлиги ва «Ўзавиация» агентлиги ваколатларини белгилаш, экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартибини ўрнатиш бўйича ваколатли органни белгилаш, шунингдек, аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга ошириш имкониятини қонуний равишда белгилаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси умумий 5та банддан иборат. Улардан 4таси техник жиҳатдан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардир.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти қуйидагиларга асосланади:
Биринчидан, президентнинг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги фармонига мувофиқ, Дававианазорат инспекцияси «Ўзавиация» агентлиги этиб қайта ташкил этилгани муносабати билан авиация маъмурияти вазифаларини Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзавиация» агентлиги зиммасига юклаш;
Иккинчидан, амалдаги Экспериментал ҳаво кемаларини давлат рўйхатига олиш қоидалари «Дававианазорат» инспекцияси буйруғи билан тасдиқланган ва президентнинг 2020 йил 19 майдаги фармонига асосан ҳужжатни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклига ўтказиш учун амалдаги Ҳаво кодексининг 39-моддасини тегишли қўшимча билан тўлдириш;
Учинчидан, президентнинг 2018 йил 11 апрелдаги фармонига мувофиқ, аэропортларда ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш (Handling) бўйича фаолиятни амалга оширишга Лицензия бериш бўйича талаблар бекор қилингани муносабати билан кодекснинг 96 ва 97-моддалари чиқариб ташлаш;
Тўртинчидан, кодекснинг амалдаги 67-моддасининг биринчи қисми аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга оширишни деярли тақиқлайди. Бу эса мамлакатнинг аҳоли пунктларида ҳаво кемаларидан кенг фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.
Масалан, бир двигателли самолёт Тошкент шаҳри устида парвозини камида 1000 метрдан ортиқ баландликда амалга ошириши лозим, сабаби агар самолёт двигатели ишдан чиқса бу ҳолда самолёт аҳоли пунктидан ташқарида қўнишни амалга ошириши ёки энг яқин аэродромда қўниши талаб этилади.
Бу нормани вертолёт учун умуман қўллаб бўлмайди, чунки двигатели ишдан чиқса у аҳоли пункти ташқарисига ёки энг яқин аэродромгача парвозини давом эттириш имкони амалда мавжуд эмас.
Халқаро амалиётга кўра, деярли барча мамлакатларда парвозларни амалга ошириш қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ҳаво кемаларининг аҳоли пунктлари устидаги парвозига рухсат берилган.

















