Кириш: Экранда биринчи кўринган маҳсулот қандай танланди?

Смартфонингизни қўлга олиб, доимий фойдаланадиган маркетплейс иловасини очасиз ва «кўйлак», «пойабзал» ёки «смартфон» деб қидирасиз. Бир секундда экранда бир неча ўнлаб маҳсулот пайдо бўлади. Баъзиларида «Топ тавсия», «Энг кўп сотилган», «Тез етказилади» каби жозибадор ёрлиқлар туради. Кўпчилигимиз шу биринчи қатордаги товарларни кўриб, танлаш жараёнини бошлаймиз.

Демак, экранда маҳсулотнинг қаерда ва қандай кўриниши оддий техник масала эмас — у харидорнинг якуний танловига бевосита таъсир қилиши мумкин.

Лекин оддий ва жиддий бир савол туғилади: Бу маҳсулотлар нима сабабдан бизга тавсия этиляпти? Улар ростдан ҳам бутун бозордаги энг арзон, энг сифатли ёки холис харидорлар баҳосини олганми?

Платформанинг маҳсулотларни қайси кетма-кетликда кўрсатиши истеъмолчи танловига кучли таъсир қилади. Фойдаланувчи бир нечта платформадан фойдаланса ҳам, унга қайси маҳсулот биринчи кўрсатилиши муҳим.

Бу масаланинг долзарблиги рақамли савдонинг тез кенгаяётгани билан янада ортмоқда. 2024 йилда B2C электрон тижорат ҳажми 4,12 триллион долларга, онлайн харидорлар сони эса 2,5 миллиард кишига етган. Ўзбекистонда ҳам электрон савдо ва интернетдан фойдаланиш кенгайиб бораётган бир шароитда, экрандаги «тартиб» оддий техник восита эмас: маҳсулотнинг қайси ўринда кўрсатилиши харидор эътиборига, сотувчининг савдосига ва рақобат шароитига таъсир қилиши мумкин.

Рақамли платформа оддий дўкондан нима билан фарқ қилади?

Маркетплейс фақат савдо майдони эмас. У бир вақтнинг ўзида тўртта ролни ўзида мужассам этади:

  • бозорни ташкил этади ва илова орқали кириш дарвозасини назорат қилади;

  • ички қоидаларни белгилайди ва қайси товар қидирув ойнасининг юқорисида туришини ҳал қилувчи алгоритмларни ёзади;

  • ўзининг тўлов ва курьерлик тармоқларини жорий қилади;

  • ўз маҳсулотлари (хусусий товар белгилари) билан майдонга кириб, мустақил тадбиркорлар билан айни бир харидор учун рақобатлашади.

Образли қилиб айтганда, рақамли платформа бир вақтнинг ўзида ҳам майдон эгаси, ҳам қоидаларни белгиловчи ҳакам, ҳам шу майдонда тўп тепаётган манфаатдор ўйинчига айланади.