Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тизимини жорий қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”га қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг қуйидагиларни назарда тутувчи «Давлат функциялари – бизнес учун имконият» лойиҳасини амалга ошириш таклифи маъқулланиши мумкин:

  • давлат функцияларини аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар орқали босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш ҳамда давлат бошқаруви соҳасида амалда мавжуд имкониятларни кенгайтириш;
  • тегишли ҳудудларда давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши;
  • хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятининг ишга туширилиши;
  • вазирлик ва идоралар кесимида хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил этиш механизмларини йўлга қўйишга қаратилган давлат функцияларининг ягона реестри шакллантирилиши.

Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши билан қуйидагиларни назарда тутувчи механизмлар яратилади:

  • давлат функцияларини танлаб олиш;
  • бозор тайёрлигини таҳлил қилиш;
  • давлат функцияларини (аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқалар) хусусий секторга ўтказиш усуллари ва механизмлари;
  • хусусий секторга ўтказилган давлат функциялари амалга оширилишини мониторинг қилиш;
  • давлат функциялари ўтказилиши муносабати билан тегишли давлат органларининг штат бирликларини мақбуллаштириш назарда тутилмоқда.

Вазирлик ва идоралар кесимида хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил этиш механизмларини йўлга қўйишга қаратилган давлат функцияларининг ягона реестрини юритиш тартиби ишлаб чиқилади.

Хусусий секторга ўтказиш таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокама қилиш учун электрон майдонча яратилади.