Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан 2021 йил IV чорагига қадар электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солиш, лицензиялаш ва назорат қилиш функцияларини амалга оширадиган, ҳукумат таркибига кирмайдиган, президент ва Олий Мажлисга ҳисобдор орган – Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланмоқда.

Қарор лойиҳасида қуйидагилар регуляторнинг асосий вазифалари экани келтирилади:

  • энергетика соҳасида давлат улушини камайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш ҳамда энг яхши таклифлар ва энг замонавий технологияларни жалб қилиш орқали электр энергиясини якуний истеъмолчиларга етказиб бериш нархларининг асоссиз ошишининг олдини олиш;
  • энергетика соҳасида рақобатли бозорни шакллантиришни ташкиллаштириш, барча иштирокчилар учун тенг ҳуқуқлар ва шаффофликни таъминловчи бозор қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда барча бозор иштирокчилари томонидан мазкур қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан доимий назоратни ўрнатиш;
  • электр энергияси тарифларини шакллантиришда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид нормаларни жорий этиш;
  • асосий қурилмалари маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг технологияларидан ташкил топган электр станцияларни рағбатлантирувчи механизмни жорий этиш;
  • халқаро бизнес амалиётига мувофиқ, табиий ва суюлтирилган газ савдосини эркинлаштириш ва хизматлар сифатини яхшилаш;
  • мамлакат ичида суюлтирилган газ ташиш ва тарқатиш хизматлари учун иқтисодий асосга эга бўлган алоҳида тўланадиган тарифларни белгилаш.

Лойиҳада регулятор раиси мақомига кўра вазирга ҳамда раис ўринбосари вазир ўринбосарига тенглаштирилиши тасдиқланмоқда.

Регуляторнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий экани қайд этилган.

Ташкилот фаолияти лицензиялаш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб лицензиялаш фаолиятидан тушадиган маблағларнинг барчаси регулятор бюджетини шакллантириш манбаси бўлади.