Юз териси парваришини қачондан бошлаш кераклиги, терида пайдо бўладиган ҳуснбузар, тошмалар сабаби, улардан қоладиган доғлар ва даволаш усуллари ҳақида Kun.uz мухбири тажрибали дерматолог-косметолог Саида Исамуҳаммедова билан суҳбатлашди.
Ҳуснбузарлар ирсий йўл билан ҳам ўтади
Ҳуснбузарнинг терига тошиш даври 2га бўлинади. Биринчиси ўсмирлик давридаги ҳуснбузар – 14 ёшгача чиқиб, аксарият ҳолларда 1-2 йилда ўтиб кетади. Иккинчиси – 25 ёшдан кейин бошланади ва бу кечки ҳуснбузар касаллиги ҳисобланади. Иккала даврда ҳам унинг пайдо бўлиш сабаблари аниқланиб муолажа қилинмаса, ҳуснбузарлар ўрнида доғлар қолиб кетиши мумкин.
Ҳуснбузарлар асосан ирсий йўл билан ўтади. Дейлик, ота-онадан бирининг ёшлигида ҳуснбузар бўлган бўлса, бу касаллик фарзандларининг биттасига ўтиши мумкин. Aгар ота-онанинг иккиси ҳам бу касалликдан азият чеккан бўлса, фарзандларининг барчасига ҳуснбузар тошиш эҳтимоли бор. Эътибор қилинмаса, улар 30 ёшдан кейин ҳам юзда қолиб кетиши мумкин.
Гормонлар меъёри бузилиши, газли ичимликлар, хлорли сув юздаги тошмаларга сабаб бўлади
Гормонлар ўзгарганда ёки уларнинг мутаносиблиги бузилганда, эндокринологик ва гинекологик касалликлар пайдо бўлганда, овқатланиш тартиби бузилиб, кўп миқдорда газли ичимликлар ва енгил углеводларга бой маҳсулотлар истеъмол қилинганда ҳам юзга тошма ва ҳуснбузарлар тошиши мумкин. Ҳаммада ҳам юқоридаги маҳсулотларни истеъмол қилганда ҳуснбузар тошмайди. Баъзи организмлар учун оқсиллар ортиқчалик қилиб, юзга тошмалар тошиб ўзини маълум қилади. Шу билан бирга, тошмалар ички организмда пайдо бўлган касаллик билан ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, ошқозон-ичак касалликлари ва қабзият безовта қиладиган беморларда ҳам ҳуснбузар тошади.
Одатда ҳавода намлик баланд ҳудудларда яшайдиган кишилар ҳуснбузардан азият чекмайди. Қуруқ иқлим минтақада яшайдиганларни бу касаллик кўпроқ безовта қилади.
Шунингдек, таркибида хлори кўп бўлган сув ичиш ёки ювиниш учун фойдаланиш ҳам юздаги тошмаларга сабаб бўлиши мумкин. Хлорли сув юзни қуритади, натижада ёғ безлари керагидан ортиқ фаоллашиб, юзда ҳуснбузарлар кўпайиб бораверади.
Ҳуснбузарни даволашда қон таҳлили, гормонлар меъёрини текшириш муҳим
Теридаги доимий тошма ёки ҳуснбузарларнинг келиб чиқиш сабабини аниқламасдан муолажа қилиш самара бермайди. Одатда кўпчилик ўзидаги бу муаммони ҳал қилиш учун косметологга мурожаат қилади. Aммо бу муолажа вақтинча бўлиши ёки деярли фойда бермаслиги мумкин.
Тошмалар сабабини билиш учун аввало эндокринолог, дерматолог текширувидан ўтиш зарур. Бунда аввало беморнинг тестостерон, прогестерон, пролактин каби эндокринологик гормонлари меъёрини текшириш, улардан таҳлил олиш талаб қилинади. Гормонлар меъёрдан ошиб кетган бўлса, бу вақтда ултратовуш текширувига буюрилади. Унинг натижаларига қараб, бемор дерматолог кўригига юборилади.







