Аёллар дунёси | 17:59 / 06.10.2025
1519
3 дақиқада ўқилади

2025 йилнинг энг ноодатий skincare трендлари: терига онгли парвариш вақти келди

Терига парвариш қилиш — бу энди фақат крем ёки ниқоб қўллаш эмас. 2025 йилда skincare дунёси онгли ғамхўрлик, табиийлик ва технология уйғунлиги томон ўзгармоқда. Терига дам бериш, “ақлли” кремлар, фойдали бактериялар ва ҳар кунлик SPF — бу йилги гўзаллик сири айнан шуларда.

Skincare нима ўзи?

Сўнгги йилларда интернет ва косметика оламида “skincare” атамаси тез-тез қулоғимизга чалиниб қолмоқда. Бу сўз инглизчадан “skin” — тери ва “care” — парвариш деган маънони англатади. Яъни skincare — бу терига тўғри ғамхўрлик қилиш, уни тозалаш, озиқлантириш ва ташқи таъсирлардан муҳофаза этиш тизимидир.

Илгари бу фақат крем ёки ниқоб қўллаш билан чекланган бўлса, ҳозирда skincare — тўлиқ турмуш тарзига айланди: тўғри овқатланиш, уйқу, стресс билан курашиш ва терининг табиий балансига эҳтиёт билан муносабатда бўлишни ҳам ўз ичига олади.

Skin fasting — терига дам бериш модага айланди

2025 йилда “skin fasting”, яъни терини косметикадан “рўза” туттириш тенденцияси оммалашмоқда. Бу усулда 1-2 кун давомида ҳеч қандай крем ва сивороткалар қўлланмайди. Мутахассислар таъкидлашича, бу терига нафас олиш ва табиий муҳофаза функциясини тиклаш имконини беради.

Дерматолог Азиза Каримова: “Баъзан биз теримизга ортиқча маҳсулотлар қўллаб, уни чарчатамиз. Тери ҳам организмнинг бир қисми — унга ҳам дам керак. Вақти-вақти билан қилинган бу танаффус терига фойдали” дейди.

Шунингдек, бу йилнинг яна бир тренди “ақлли” кремлар, яъни ақлли skincare маҳсулотлардир. Улар терининг ҳолатини “ўрганиб”, унинг эҳтиёжига мос равишда ишлайди: агар намлик етишмаса — гидратацияни оширади, қизариш бўлса — тинчлантиради. Косметикада сенсор технологиялар ва биодетекторлар қўлланиши skincare’ни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Бугунги skincare дунёсида “бактерия” сўзи энди қўрқинчли эмас. Аксинча, теридаги фойдали бактериялар — унинг табиий муҳофазаси ҳисобланади. Пробиотик ва пребиотикли кремлар, тониклар ва сивороткалар терини соғломлаштиришда асосий воситага айланмоқда.

Кейинги тренд: SPF – фақат ёз учун эмас. “SPF кремни фақат ёзда қўллаш керак” деган қараш 2025 йилда мутлақ йўққа чиқди. Чунки ултрабинафша нурлар йил бўйи фаол бўлиб, ҳатто уй ичидаги экран ёруғлиги ҳам терига таъсир қилади. Шунинг учун SPF – энди ҳар кунлик воситага айланди.

2025 йилнинг skincare трендлари инсонга ва унинг табиий ҳолатига ёндашувни ўзгартирмоқда. Гўзаллик энди филтр ортида эмас — онгли парвариш, соғлом тери ва ҳаёт балансида.

Skincare бу — оддий парвариш эмас. Бу ўзингни севишнинг ва соғлом яшашнинг биринчи қадами ҳисобланади.

Мавзуга оид